Бугун, 17 январь соат 08:22 ҳолатига кўра Тошкент ҳавосининг ифлослангани бўйича дунёнинг йирик шаҳарлари орасида 8-ўринни эгаллади. Бу ҳақда IQAir порталидаги маълумотларда келтирилган.
Тошкент ҳавосида майда ПМ-2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 161 мкг/м3ни ташкил этган – бу “зарарли” таснифидаги кўрсаткич ҳисобланади.
Рейтингда 1-ўринни Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳри эгаллади — ПМ-2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 232 мкг/м3. Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳри 2-поғонада — 212 мкг/м3. Учликка Покистоннинг Карачи шаҳри якун ясади — 212 мкг/м3.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, ҳаво ифлосланиши кўрсаткичлари орасида саломатлик учун энг катта хавф туғдирадигани айнан ПМ-2,5 дисперс зарраларидир.
Эслатиб ўтамиз, 22 декабрь куни ҳам Тошкент ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича дунёнинг йирик шаҳарлари орасида 4-ўринни эгаллаганди. Ўтган йилнинг 23 январь куни эса Тошкент энг ёмон ҳаво бўйича IQAir рейтингида дунёда учинчи ўринга чиққанди.
Изоҳ (0)