Матбуотда чоп этилган хабарларга қарамай, Россия президенти Владимир Путин ўзини “музокараларга тайёр одамдек тутмаяпти”, деб ҳисоблайди АҚШ Давлат департаменти. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди.
“Сўнгги бир неча кун ичида баъзи ОАВ хабарларида Путин музокаралар олиб боришни хоҳлаётгани ҳақида кўрган шов-шувларимга қарамай, у ўзини музокаралар олиб боришга тайёр одамдек тутмаяпти”, — деди Кирби брифингда.
Яқинда Россиянинг Украина шаҳарларига қилган ҳужумларини мисол қилиб келтирган Кирбининг сўзларига кўра, Путин украиналикларнинг “оёққа турмаслиги”, АҚШ президенти Жо Байден томонидан илгари сурилган Украина учун қўшимча молиявий ёрдам сўрови Конгресс томонидан қабул қилинмаслиги учун “қўлидан келган барча ишни қилмоқда”.
Декабрь охирида The New York Times россиялик ва америкалик расмийларга таяниб, Путин сентябрь ойидан бошлаб турли дипломатик каналлар орқали Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни бошлашга тайёрлиги ҳақида “ишоралар бераётганини” ёзди. Газета манбаларига кўра, Путин воситачилар орқали ўт очишни тўхтатишга ва амалдаги чегаралар доирасидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга тайёр эканини билдирган.
27 декабрь куни АҚШ Украинага 2023 йилда 250 миллион долларлик ҳарбий ёрдамнинг охирги пакетини эълон қилди. Кирби аввалроқ ушбу пакет жўнатилганидан кейин Украинага ёрдам учун маблағ тугашини айтган ва Конгрессни қўшимча молиялаштиришни тасдиқлаш жараёнини тезлаштиришга чақирган эди.
Шу билан бирга, 29 декабрь куни рус қўшинлари Украинанинг бир қатор вилоятлари ва шаҳарларига, жумладан Киевга уруш бошланганидан бери энг йирик ҳужумлардан бирини уюштирди. Киев ва Харьковга 31 декабрда, сўнг 2 январга ўтар кечаси янги зарбалар берилди.
Изоҳ (0)