Ўрта Осиёда ҳаво ҳарорати йилига 1,5–3 даражага кўтарилиб бормоқда. Бу ҳақда —“Ўзгидромет” директори Шерзодхўжа Ҳабибуллаев “Дарё” мухбири билан суҳбатда маълум қилди.
Шерзодхўжа Ҳабибуллаевнинг айтишича, минтақада иқлим ўзгариши суръати тезроқ кечмоқда.
“Халқаро иқлимшунослар таҳлилига кўра, яшилликни кўпайтирсак, сувни тўғри ишлатиш, чиқинди чиқаришдан овқатланишимизгача, ишлаб чиқариш соҳалари ва қайта ишлаш жараёнлари меъёрда бўлса, ҳозирги иқлим ўзгаришидаги тенденцияни ушлаб қолиш мумкин. Бугунги ҳолат давом этиб турса, вазият янада оғирлашади. Ҳозирги кун биз учун ғаниматдек бўлиб қолади. Ўрта Осиё учун ҳар йилги ҳаво ҳарорати 1,5–3 даражага кўтарилиб бормоқда. Дунёда эса ҳарорат йилига 2 даража ошяпти. Яъни бизда юқорироқ. Чунки чўлли ҳудудлар кўп ва сув кам. Шунинг учун қолган давлатларга қараганда биз кўпроқ ва тезроқ ҳаракат қилишимиз керак. Барча Ўрта Осиё давлатлари биргаликда муаммони енгиш учун ҳаракат қилишимиз лозим” — деди “Ўзгидромет” директори.
Аввалроқ Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев Тошкент шаҳри ҳавосини яхшилаш учун тезкор ва қатъий чоралар кўриш кераклигини таъкидлаганди.
“Масалан, мен 5-10 йилдан кейин Тошкентда яшамаслигим аниқ. Чунки бу кетишда Тошкентда яшаб бўлмайди. Пойтахтдан кўчиб кетаман ёки четроқдан Тошкентга қатнаб ишлашим аниқ”, — деган у одамлар пойтахтдан оммавий кўчиб кетишларига тўғри келиши мумкинлигига ишора қилиб.
Изоҳ (0)