Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Афғонистон транспорт ва фуқаро авиацияси вазири вазифасини бажарувчи Ҳамидулло Охунзода бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда томонлар транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида қатор масалаларни муҳокама қилган. Хусусан:
- автомобиль ташувларида ундириладиган йиғим ва тўловларни паритет асосида ундирилишини таъминлаш;
- Афғонистон ҳудуди орқали транзит ҳамда икки томонлама ташувларни ривожлантириш;
- темирйўл ташувларидаги тариф ставкаларига имтиёзлар тақдим этиш.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистон—Афғонистон—Покистон темирйўл қурилиши лойиҳасини жадаллаштириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилган.
Аввалроқ Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида ишлаб чиқарилган газ танкерлари илк бор Ўзбекистонга экспорт қилингани тўғрисида хабар берилганди. Ундан олдин эса “Толибон” матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Ўзбекистон Қўштепа каналидан жабр кўрмаслигига ваъда берган эди.
Изоҳ (0)