Республикада жорий йилнинг 1 декабрь кунидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори оширилиб, ойига 1 млн 50 минг сўм этиб белгиланди. Бу ўзгариш сафарбарлик чақирув резервининг (1 ойлик ҳарбий хизмат) тўлов бадали миқдорига ҳам таъсир қилади.
Сафарбарлик чақирув резерви тўлов бадали бевосита меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7 баробарига тенг. Яъни 1 декабрдан бир ойлик ҳарбий хизмат учун тўлов миқдори 6 млн 860 минг сўмдан 7 млн 350 минг сўмга оширилди.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, сафарбарлик чақирув резерви сафига олинган шахслар томонидан пул бадаллари хизматга олингандан кейин томонларнинг келишуви асосида, 1 йил мобайнида бирйўла ёки босқичма-босқич (бўлиб тўлаш орқали) амалга оширилиши мумкин.
Маълумот учун, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олинган шахслар томонидан тўланган пул бадаллари суммаси Мудофаа вазирлигининг “Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари” махсус ҳисобрақамида жамланади. Маблағлар муддатли ҳарбий хизматчиларга нафақа пулини тўлаш, вазирликнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, сафарбарлик чақируви резерви хизматчилари таъминотига йўналтирилади.
Фуқаролар сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат сафига 27 ёшга тўлгунга қадар олинади. Улар сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўташ даврида ойлик ҳарбий йиғинларни ўташга жалб этилиши, фавқулодда вазиятлар ёки Ўзбекистонга қарши ҳарбий тажовуз рўй берган тақдирда ҳақиқий ҳарбий хизматга чақирилишлари мумкин.
Изоҳ (0)