Бокс оламида шундай инсонлар борки, уларнинг ҳаёт йўлига қарасангиз, гўё бир кино кўргандек бўласиз. Баъзилари оқим бўйича яшар, яна баъзилари ҳаётини бутунлай ўзгартира олади. Инсон янги шахсга айланиши учун доимий одатларини ва мулоқот доирасини ўзгартириши кифоя. Балтиморлик болакай атрофдагилар муносабатининг маҳсули эди. Унинг одатий ҳаёти қамоқ ёки қабр билан тугаши мумкин эди. Аммо у ўзининг қадриятларини қайтадан кўриб чиқишга куч топди. У умуман бошқа: таваккал ва хавф-хатарга тўла йўлни танлади. Лекин айнан ўша йўлда унга муваффақиятга эришиш учун имконият пайдо бўлди. Бу оғир вазн тоифаси афсоналаридан бири Ҳасим Раҳмон ҳақида ҳикоя
Болалик
Ҳасим Раҳмон 1972 йил 7 ноябрда Балтиморда (АҚШ, Мериленд штати) таваллуд топган. Жон Кейсон, бўлажак чемпионнинг отаси, фарзандининг тарбиясида иштирок этмаган. Ҳасимнинг онаси Жойс Абдул Раҳмонга турмушга чиқади. Ҳасим ўгай отасининг фамилиясига ўтади. У Жойс ва Раҳмоннинг олти фарзандидан иккинчиси эди.
Жойс ва Абдул озиқ-овқат учун, ижара пулини тўлаш учун бир нечта сменада ишлашига тўғри келарди. Ҳасим ўз ҳолича қолдирилган. У Балтимор кўчаларида тарбия топди. 12 ёшидан бошлаб турли кўча безориликларига аралашиб юрарди.
16 ёшли Раҳмоннинг вазни 230 фунтгача етарди (104 килограмм). Йигитча тенгдошларидан анча каттароқ кўринарди. У жисмонан бақувватлиги ва зарбаларининг қаттиқлиги билан ажралиб турарди. Ҳасим мактабга бормай қўяди. У жисмонан бақувватлиги туфайли пул топишга ҳаракат қиларди. Раҳмон балтиморлик нуфузли шахсларнинг қўриқчиси бўлиб ишлаган.
Жиноий гуруҳлар билан алоқалари эса бекор кетмади. У полиция маҳкамасига мунтазам равишда ташриф буюрадиган бўлди. Раҳмонга гиёҳванд моддалар савдоси, қурол сақлаш ва солиқдан бўйин товлаш каби айблар қўйилди.
Мен нотўғри инсонлар билан муносабатда бўлдим. Бу жуда зарарли эди. Бу даврада бўлишни ажойиб иш деб ўйлаганман. Барзанги йигитлар ичида бўлишга интилганман. Болаликдаги мантиғим шундай эди.
Ҳасим Раҳмон
Жисмоний формасини ривожлантириш учун Раҳмон тренажёр залига қатнай бошлади. Унинг генетикаси мушаклар массасини ўсишига замин яратарди. У 18 ёшида 300 фунт (136 килограмм) вазн йиғди. Шу билан бирга унда тери ости ёғлари фоизи жуда кам миқдорда эди. Ақл бовар қилмас ҳажмга эга тана уни жиноят оламида тез танитди, шунингдек, унга жуда кўп муаммо туғдирди. Қўриқчилик фаолияти давомида Раҳмон 5 марта ўқдан жароҳатланган.
ХХ асрнинг 80 йилларида Ҳасим автоҳалокатга учрайди. Раҳмон ўтирган машина ҳайдовчиси бошқарувни йўқотади ва йўл четига чиқиб кетади. Ҳайдовчи воқеа жойида вафот этади. Ҳасимнинг боши эса ёқилғи бакининг металл қисмига ёпишиб қолади. Қутқарувчилар Раҳмонни пачақланган машинадан олиб чиқиш учун кесувчи асбобдан фойдаланишга мажбур бўлди. Натижада автоҳалокат туфайли унинг юзида чандиқ қолиб кетди.
Ҳасимнинг ҳаёт тарзи уни қамоққа ёки қабрга олиб бориши мумкин эди. 90 йиллар бошида Раҳмон Кристалга уйланади. Энди у нафақат ўзининг, балки рафиқасининг ҳам келажаги учун жавобгар эди. Жуфтлик ўғил фарзандли бўлди.
Бўлажак чемпион пул топиш учун иш излай бошлади. Ҳеч қаерда таълим олмаган эди. Раҳмоннинг битта устун жиҳати унинг жисмоний кучи эди. Кўча урушларида қатнашиш унинг кейинги ҳаёти кескин ўзгаришига сабаб бўлди.
1992 йилда Луис Батлер, полициячи ва собиқ профессионал боксчи, Ҳасим иштирокидаги шиддатли тўқнашувга гувоҳ бўлган. 20 ёшли йигит битта зарба билан рақибини нокаутга учратганди. Батлер йигитчани бокс бўйича мураббий Мак Льюис ёнига юборади. Шундай қилиб оғир характерли ўсмирнинг ҳаётида уни ғамхўр, оилапарвар инсонга айлантирган янги босқич бошланди.
Havasкор фаолият ва жанг услуби
Кўча жанги боксдан фарқ қилади. Биринчи машғулотида Раҳмон ҳаваскор боксчи Майк Уитфилд билан рингга чиқди. Бир неча машғулотлардан сўнг у профессионал боксчилар билан ҳам бемалол спаррингга чиқа оладиган спортчига айланди.
Спортзалдаги биринчи кечасида у калтакланди. Клубдан чиқаётганда узун зинапоядан тушишимиз керак эди. Мен уни елкамда кўтариб олганман. Уни машинагача олиб боришим лозим эди. Раҳмон калтакланган бўлса-да, давом этишни истарди.
Ҳалил Али, Ҳасим Раҳмоннинг амакиси
Havasкор рингда Раҳмон 10 та жанг ўтказди. Унда мослашиш учун узоқ вақт йўқ эди. Кейинчалик профессионал боксга ўтиши учун унга спарринг тажрибаси жуда зарур эди.
1994 йилда Ҳасим миллий чемпионатда иштирок этди. Биринчи даврадаёқ у Маркус Жонсонга мағлуб бўлди.
Ҳасим Кевин Руни ва Янкс Мортон қўл остида тайёргарлик кўрди. 1994 йилда 22 ёшли Раҳмон профессионал боксда дебютини ўтказди. Боксдаги дастлабки йилларида у қўриқчилик фаолиятини ҳам давом эттирди.
Раҳмон 90% ҳолларда чап қўлда зарба берарди. Ҳасимнинг “ташриф қоғози” эса турли бурчаклардан ўнг қўлда йўлланган зарба эди. У ўз услубини ҳақиқий жангларда такомиллаштирди.
Профессионал фаолиятнинг бошланиши
“Қоя” (Ҳасимнинг лақаби) профессионал фаолиятининг дастлабки тўрт йилида 29 та жангда иштирок этди ва барчасида ғалаба қозонди. Унинг Росс Пюритти, Тревор Бербик ва Жесси Фергюсон билан бўлиб ўтган жанглари алоҳида ажралиб туради. Раҳмон ҳаваскор тажрибаси етишмаслигини тезроқ ёпиш мақсадида йилига 7-8 та жанг ўтказишига тўғри келарди.
Юқори даражадаги рақиблари устидан қозонилган ғалабалар туфайли Раҳмон IBF рейтингида иккинчи рақамли боксчига айланди. 1998 йил 19 декабрда IBF вақтинчалик чемпионлик камари учун жанг қилиш имкониятига эга бўлади. Девид Туа билан жангнинг 9-раундидан сўнг очколар бўйича олдинда эди, 10-раундда “Терминатор” (Туанинг лақаби) кетма-кет зарбалар бера бошлади. Ҳакам жангни тўхтатди. Раҳмон профессионал фаолиятидаги дастлабки мағлубиятини қабул қилиб олди.
Туага қарши жангдаги омадсизлик Ҳасимнинг рейтингда пастлашига олиб келди. Мағлубиятдан сўнг Ҳасим кетма-кет иккита ғалабага эришди. 1999 йил 6 ноябрда Олег Маскаев билан рингга чиқди. Агар ғалаба қозонса, Леннокс Льюис ва Эвандер Ҳолифилд ўртасидаги реванш жангидан сўнг аниқ бўладиган мутлақ Жаҳон Чемпиони билан рингга кўтарилиш имконига эга бўларди.
Раҳмон тезкор ғалабага яқин келганди. Очколар ҳисобида ҳам олдинда эди, аммо яна рақибнинг кескин зарбаси мағлубиятга сабаб бўлди. 8-раундда Олегнинг тўғридан берган зарбасидан сўнг Ҳасим ҳушсиз ҳолда рингдан пастга тушиб кетади. Маскаевнинг ғалабаси “Атлантик Сити” залида тартибсизлик келтириб чиқарди.
Раҳмон Маскаев билан жангдан сўнг уч марта ғалаба қозонди. Корри Сандерсга қарши жанг алоҳида аҳамият касб этди. Ҳасим бўлажак Жаҳон Чемпионини 7-раунддаги нокаут орқали мағлубиятга учратди.
Оғир вазн тоифаси етакчилиги учун Леннокс Льюисга қарши жанг ва навбатдаги омадсизлик
Раҳмон WBC ва IBF йўналишлари бўйича Жаҳон чемпиони Леннокс Льюис жамоаси томонидан Майк Тайсон билан жангга тайёргарлик кўриш учун танланган эди. Ҳасим Раҳмон бу жангда аутсайдер ҳисобланарди. 2001 йил 22 апрелда Ҳасим ва Леннокс жанг қилди. Чемпион рақибига етарлича баҳо бермаганди. Льюис жанг ўтказилаётган ЖАР мамлакати иқлимига мослаша олмади. У жангга ёмон тайёргарлик кўрган ҳолда чиқди. Рақиб эса Африка иқлимига мослашганига икки ой бўлганди. У жангга тайёр эди. 5-раундда Раҳмон кучли зарба беришга муваффақ бўлди. Льюис кулиб қўйди. Яна бир такрорий ҳужумдан сўнг чемпион нокаутга учради. Ҳасим Леннокс Льюисни нокаутга учратди ва жангга нуқта қўйди.
Ҳасим оғир вазн йўналиши тарихида энг машҳур “апсет”лардан бирига муаллиф бўлди ва WBC, IBF камарларига эга чиқди. Шартномада Леннокс Льюис мағлубиятга учрайдиган бўлса реванш жанги ўтказилиши ёзилган эди. 2001 йил 17 ноябрда Леннокс ва Ҳасим ўртасида реванш жанги бўлиб ўтди. Биринчи жангдаги муваффақиятдан сўнг Раҳмон Дон Кинг билан шартнома имзолаганди. Иккинчи жанг Лас-Вегасда бўлиб ўтди. Бу сафар ҳам Льюис фаворит сифатида кўрилаётганди. Янги чемпион Давид Айзонга қарши жанг қилиб, камарларни ҳимоя қилишни мақсад қилганди, аммо Леннокс жамоаси Ҳасимни шов-шувли реваншга рози бўлишга мажбурлади. Леннокс бу сафар пухта тайёргарлик кўрганди ва 4-раундда Ҳасимни нокаутга учратди. Собиқ чемпион камарларни қайтариб олди.
Камарларни қўлдан бой берганидан сўнг Ҳасим WBA йўналишида жанг қилишга рухсат олди. 2002 йил 1 июнда у Эвандер Ҳолифилдга қарши рингга чиқди. Жанг пайтида боксчиларнинг бошлари ўзаро тўқнашиб кетди ва Раҳмонда улкан гематома пайдо бўлди.
8-раундда жанг тўхтатилди. Эвандер Ҳолифилд ғолиб деб топилди.
Льюис устидан қозонилган ғалаба жуда қўл келганди. Буюк ғалабадан кейин Раҳмон кетма-кет юқори даражадаги боксчилар билан кассабоп жанглар ўтказди. Бунда Дон Кинг билан тузилган шартноманинг ҳам ўрни бор эди.
2003 йил 29 мартда Раҳмон ва Туа ўртасидаги реванш жанги ўтказилди. Ҳасим бутун жанг давомида устунлик қилди. 12-раунд тугаши ҳақида бонг чалинган вақтда Туа полга қулади. Аммо нокдаун ҳисобга олинмади. Ҳакамлар қарорига кўра дуранг натижа қайд этилди.
2003 йил 13 декабрда эса WBAънинг вақтинчалик камари учун Жон Руисга қарши рингга кўтарилди. Ҳасим жангга етарлича тайёргарлик кўрмаганди, учала ҳакам ҳам бир овоздан Руиснинг ғалабасини қайд этди.
Профессионал фаолиятнинг якуний босқичи ва иккинчи чемпионлик
Омадсиз ўтган 2003 йилни Ҳасим 2004 йилдаги 4 та ғалаба билан ёпиб юборди. Кали Миан билан жангда зафар қучиши алоҳида аҳамиятга эга. Ҳасим WBC камари учун асосий номзод сифатида кўриларди. У камар эса Виталий Кличкога тегишли эди. Украиналик спортчи жароҳати сабаб жангдан бош тортди. 2005 йил 13 августда Ҳасим Монте Барретта устидан зафар қучди ва WBC вақтинчалик камари соҳибига айланди.
Виталий Кличко фаолиятини якунлаганидан сўнг Бутунжаҳон бокс кенгаши Ҳасимни WBC камарининг соҳиби деб эълон қилди. 2006 йил 18 мартда Раҳмон илк бор WBC камари ҳимояси учун рингга кўтарилди. Жеймс Тонига қарши жангда Ҳасим ўз камарини сақлаб қолди.
Кейинги жанг Олег Маскаев билан эди. Воқеа биринчи тўқнашувдан 7 йил ўтиб, 2006 йил 12 август куни бўлиб ўтди. Олег иккинчи маротаба ҳам Ҳасимни муддатидан аввал енгди. Бу сафар нокаут 12-раундда қайд этилди. Россиялик боксчи WBC камари соҳибига айланди.
Камарни қўлдан бой берганидан сўнг Раҳмоннинг жисмоний ҳолати пасая бошлади. 2008 йил 16 июль куни иккинчи бор Жейсон Тонига рўбарў келди. 3-раунддаёқ Тони Ҳасимни нокаутга учратди. Лекин жангдан сўнг Раҳмон натижани бекор қилдиришга эришди. Бунга сабаб Жеймс жанг вақтида тақиқланган зарба бергани эди. Энди камар учун жанглар ҳуқуқи Раҳмонга ўтганди.
2008 йил 13 декабрда Ҳасим Владимир Кличкога енгилди. 7-раундда ҳакам жангни тўхтатди.
Шундан сўнг Раҳмон 16 ойлик танаффусга чиқди. 2010 йилда рингга қайтди ва 5 та ғалаба қайд этди. Александр Поветкин (2012) ва Антонио Нансенга (2014) қарши жанглардаги мағлубиятдан сўнг сўнг Ҳасим Раҳмон фаолиятини якунлаганини эълон қилди. У профессионал фаолиятида 50 та ғалаба (41 таси нокаут билан), 9 та мағлубият ва 2 та дуранг натижа қайд этди.
Барча нарсанинг якуни бор. Вақтинг ўтганини қабул қилиш қийин. Ўтказиш мумкин бўлмаган бир нечта жангда иштирок этдим.
Ҳасим Раҳмон
Рингдан ташқари ҳаёт
Профессионал фаолияти давомида Ҳасим 100 миллион долларга яқин даромад қилди. Ҳасим ва унинг рафиқаси Кристал камтар ҳаётдан Виржиниянинг энг бой жуфтликларидан бирига айланди. Оила икки ўғил ва бир қизни, ундан ташқари отасидан эрта ажралган Ҳасимнинг жиянини вояга етказди.
Раҳмон 3 та лойиҳага инвестиция киритди:
- Камбағал болалар учун уй;
- Спорт кийимлари дўкони;
- Бокс клуби.
Ҳасимнинг рафиқаси Кристал дўкон раҳбари лавозимида фаолият олиб боради. Собиқ чемпионнинг фарзандлари ҳам отасининг изидан борди. Кичик Ҳасим ва Шариф Раҳмон боксда фаолият юритмоқда.
Ҳасим Раҳмон ноёб шахс. У ўз ҳаётини ўзгартира олди. Аввалги дўстларининг кўпи ҳозирда қамоқда ёки эрта вафот этган. Агар ўзгармаганда Ҳасимни ҳам шу тақдир кутиб турган эди. Масъулият — эркак кишининг асосий хислати. Рафиқаси ва фарзандлари ҳақида қайғуриши лозим эди. Балтиморнинг безори йигити оиласи учун қонуний йўл билан миллионлар топди ва бокс тарихида ўз номини қолдира олди. Ҳасим Раҳмоннинг ҳаёт тарзи шунақа бўлди.
Мен буюк даврда рингга чиқдим. Бу оғир вазн йўналиши, ҳар доим ҳам ғалаба қозонавермайсан. Барча рақибларим болалигиданоқ шуғулланган эди. Мен эса 20 ёшимда залга кириб келганман. Ҳамкасбларимни қувлаб ўта олдим. Ҳеч нарсадан афсусланмайман. Босиб ўтган йўлим идеал эмасдир, лекин у қабр тошидан яхшироқ.
Ҳасим Раҳмон
Изоҳ (0)