30 ноябрь куни дунёдаги энг кекса жонивор — тошбақа Жонатан 191 ёшга тўлди. Унинг тахминан 1832 йилда туғилгани айтилади. У 1882 йилда Сейшел оролларидан Муқаддас Елена оролига олиб келинган.
Жонатан туридаги тошбақаларнинг ўртача умри 150 йилни ташкил қилади. Унинг ёши аллақачон бу ёшдан ошган. Тошбақа дунё тарихидаги энг кексаси бўлиб, унга бу ном 2021 йилда 188 ёшга кирган Туи Малиладан мерос қолган.
Ветеринар Жо Ҳоллинснинг сўзларига кўра, Жонатан ҳали анча соғлом. У ҳид билишни йўқотган ва деярли кўр бўлишига қарамай, иштаҳаси яхши. Ҳафтада бир марта витаминларга бой мева ва сабзавотлар билан озиқлантирилади. Бу нафақат унинг калорияларини тўлдиради, балки метаболизми учун зарур омилларни таъминлайди.
Жонатан 141 йил олдин оролга келганидан бери Муқаддас Елена ороли губернаторининг қароргоҳида яшайди.
Жонатаннинг одатий куни жуда зерикарли. У қуёшни яхши кўради, лекин жазирама кунларда сояга ўтади. Унчалик иссиқ бўлмаган пайтларда қуёшда тобланишни яхши кўради. Қишнинг совуқ кунларида эса барглар ёки ўтга кўмилади ва кун бўйи ўша ерда қолади.
Жонатан билан яна учта йирик тошбақа яшайди. Уларнинг иккитаси 1969 йилда олиб келинган бўлиб, тахминан 55 ёшда. Улар билан яшайдиган яна бир тошбақанинг ёши 32 да.
Жонатаннинг севимли таомлари — карам, бодринг, сабзи, олма ва бошқа мавсумий мевалар. У, айниқса, бананни яхши кўради.
Изоҳ (0)