Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар Ички ишлар бошқармаси тергов ҳибсхонасида 22 ёшли йигит вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Омбудсман ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини бошлади.
Вилоят ИИББ матбуот котиби берган маълумотга кўра, 2001 йилда туғилган А.Ў. Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди (ўғрилик, кўп миқдорда) ва 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан қўзғатилган жиноят ишида айбланган.
Тергов давомида, А.Ў. муқаддам ҳам Жиноят кодексининг 164-моддаси 2 қисми “а” банди (босқинчилик, қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб) билан судлангани инобатга олиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Йигитнинг ўзини осгани айтилган бўлса-да, унинг бурни сингани ва танасида жароҳатлар борлиги аниқланган.
Омбудсман мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан назоратга олиниб, ишга тааллуқли маълумотлар сўраб олингани, ишга оид ҳужжатлар ўрганилаётганини билдирди.
“Омбудсман юқорида қайд этилган хабарлар юзасидан текширув ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилишини назорат қилади”, — дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан терговга кадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва марҳумга суд-экспертизаси тайинланган.
Изоҳ (0)