Халқаро тараққиёт ассоциацияси Қирғизистонда ҳаво сифатини яхшилаш учун 50 миллион доллар кредит ажратмоқчи. Бу ҳақда “24.кг” хабар берди.
Тегишли лойиҳа пойтахтда ҳаво ифлосланишини камайтириш бўйича бир қатор техник чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди, масалан, тоза ва энергия тежамкор уй-жойларни иситиш технологияларига ўтиш, мақсадли ҳудудларда кўкаламзорлаштиришни амалга ошириш назарда тутилган.
Лойиҳа доирасида Бишкекда атмосфера ҳавоси ифлосланишини таҳлил қилувчи замонавий лаборатория қурилиши молиялаштирилади. 650 минг долларлик чиқиндиларни мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш учун асбоб-ускуналар ва мобил лабораториялар харид қилиниши режалаштирилмоқда.
Депутат Мақсатбек Сарбағишев бу пулларни пойтахтни газлаштиришга сарфлашни таклиф қилди.
“Интернетда биз ифлос шаҳарлар рўйхатида биринчи ўринда турганимиз ҳақида маълумотлар бор. Бу пулни газлаштириш учун беринг. Сиз Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёки бошқа идоралар ёрдами билан кредитни ҳисобдан чиқаришингиз мумкин деган шубҳа бор”, — деди депутат.
Изоҳ (0)