Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артисти Насиба Абдуллаева 1961 йилнинг 15 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида дунёга келган. Отаси Меклик Ёрмуҳаммедовнинг келиб чиқиши эроний халқларга, онаси Холчучук Ҳалимқулова тожик миллатига мансуб бўлган. Улар етти фарзандни дунёга келтириб, тарбиялашди. Фарзандлари орасида икки миллат Халқ артисти Насиба Абдуллаева ҳам бор.
— “Миллатингиз нима? Озарбайжонмисиз?” деган саволни кўп беришади. Аслида инсоннинг ҳаётида миллат у қадар муҳим аҳамиятга эга эмас. Чунки инсон қаерда туғилган ва тарбияланган бўлса, барибир ўша ерга мослашиб кетади. Ҳатто, славян бўла туриб ҳам Ўзбекистонда туғилган болалар ўзбек бўлиб улғайганига гувоҳ бўлганман. Ўнинчи синфни якунлаб, паспорт олишга борганимда миллати деган жойга ўзбек деб ёзишган. Оилада етти фарзанднинг кенжаси бўлганим учун ҳам эркатой эдим. Онамнинг муҳаббатини ҳис қилиб турсам-да, атрофимдаги ташвишларнинг кўпроғи отамнинг зиммасида эканини кўриб улғайдим. Мен кўнгилдаги ҳамма орзу-ниятларимни очиқ айта олар, улар эса амалга оширишга ҳамиша тайёр туришарди.
Орзуларим бошқа қизларникига ўхшаб “Фалон кўйлакни ёки ўйинчоқни олиб беринг” эмас, балки “Мусиқа тўгарагига боргим келяпти, аккардеон олиб беринг”, деганга ўхшаш эди, — дейди Насиба Абдуллаева.
“Муштлашиб ҳам кетардим”
Хонанда табиатан қизлар билан унчалик тил топишолмагани ва қизиқишлари ҳам ўғил болаларга хос бўлганлиги ҳақида сўзлаб берган.
— Дўстларимнинг кўпчилиги ўғил болалар бўлган. Улар билан бирга югуриш, велосипед учишни яхши кўрардим. Ҳатто, гапимиз бир-бирига мос келмаса муштлашиб ҳам кетардик. Шундай бўлса-да, мактабдаги энг аълочи ўқувчилардан бири эдим. Ўнинчи синфга қадар фақат аъло баҳоларга ўқиганман, — дейди хонанда.
“Қизимнинг тарбияси менинг бўйнимда”
Насибанинг санъатга қизиқиши ва куйлаш қобилиятини кўрган дадаси уни қўллаб-қувватлаб, мусиқа тўгарагига олиб боради.
— Санъаткор бўлишим кераклигини билган ва бунга ишонган фақат отам бўлган. Акаларим санъаткор бўлишимга бир оз қаршилик қилишган, фақатгина дадам мен томон эди. Ҳатто, шундай вазият ҳам бўлганки, дадам раҳматли “Қизнинг отаси менман, тирик эканман, унинг тарбияси ҳам, юриш-туриши ҳам, ҳаммаси менинг бўйнимда. Шунинг учун гапирманглар. Унга ўзим оқ фотиҳа берганман, санъат йўлидан кетади”, — деган. Мусиқага фақат қизиқиш ва қўшиқларни ўзингча ўрганиб, ижро этишни ўзи етарли эмаслигини ҳам дадам жуда яхши тушунгани боис доим қўллаб-қувватлаган. Мени Самарқанд офицерлар уйи қошида жойлашган ҳарбийларнинг фарзандлари учун мўлжалланган мусиқа студиясига ўқишга жойлаштирган. Рўзғор юки дадамнинг бўйнида бўлгани учун саҳардан то қош қорайгунича ишлашга мажбур эди. Аммо ҳамиша мен учун вақт топарди. Ёзнинг жазирамасида ҳам, қишнинг қаҳратонида ҳам студияга олиб бориб келишга вақт топарди, — дейди Насиба Абдуллаева интервьюларининг бирида.
“Кечки бўлимда ўқимайман”
У пайтларда олий ўқув юртлари жуда кам эди. Имтиёзли атестатни қўлга киритган Насиба Абдуллаевага Самарқанддаги архитектура институтига ҳужжат топширишни маслаҳат беришади. Чунки бу институт унинг уйига анча яқин эди.
— Институт ходимлари “Уйингиз олий ўқув юртига яқин экан, сизни кечки бўлимга ўқишга қабул қиламиз”, — деганди. “Мактабда ўн йил давомида фақат аъло баҳоларга ўқиганман. Нима учун институтда кечки бўлимда ўқишим керак?”, деб ҳужжатларимни қайтариб олганман. Мусиқий студиянинг дипломи билан мактабга ишга жойлашганман, — дейди Насиба Абдуллаева.
“Ботир Зокировни кўриб оёғим музлаган”
Насиба Абдуллаеванинг овозидаги назокатни пайқаш унчалик қийин эмасди. Ботир Зокиров ҳам 18 ёшли Насиба Абдуллаеванинг қобилиятини юксак баҳолайди ва кун келиб у машҳур санъаткор бўлиши ҳақида айтади.
— 1980 йил Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти ва санъати кунлари ўтказилди. Ўша пайтда 18 ёшда эдим, Самарқанд филармониясида ишлардим. Мени Озарбайжондан келган оркестр билан қўшиқ ижро этиш учун Тошкентга таклиф этишди. Концерт дастурига тайёргарлик кўраётган вақтимизда, хонанинг эшиги қия очилган ҳолатда кимдир мени эшитаётганини сездим. Дарров ўша томонга кўз югуртириб, эшик олдида турган одамни танигач, оёғимнинг учигача музлаб кетганман рости. Сабаби буюк санъаткор Ботир Зокиров эшикни очиб, мени тинглаб, кузатаётган экан. Репетиция тугаганидан сўнг биз фоеда кўришиб қолдик. Ўшанда улар “Тоғ булоғидек тоза овозинг бор экан, овозингни асрагин. Энг муҳими, ёшгина қизча экансан, ҳозирги маъсумиятингни, камтарлигингни ва санъатга муҳаббатингни асрагин”, деган эди. Ботир акамнинг бу сўзлари ҳар доим қулоқларим остида жаранглайди.
Кейинчалик Ботир ака укаси Фаррух Зокировга “Агар ҳеч ким халақит бермаса, ўз устида ишлашни ташлаб қўймаса, у қизча санъат оламида узоққа боради. Ўша кунларни мен кўрармикинман?”, деган экан, — дейди Насиба Абдуллаева.
“Дадам турмушга чиқишимни хоҳламаган”
Насиба Абдуллаева карьерасида жуда эрта муваффақиятга эришади. 18 ёшида уни бутун Марказий Осиё давлатлари танийди, кўплаб гастрол сафарларига таклиф қилишади. Аммо ўша давр санъатининг ёзилмаган қоидаси бор эди. Яъни тезроқ турмушга чиқиб, оилали бўлмаса, одамларнинг у ҳақидаги тасаввурлари ёмон бўлади. Шу боис, хонанда 18 ёшида озарбайжонлик гитарачи Элдор Абдуллаевга турмушга чиқади.
— Ўшанда шунақа ёшда эдимки, мен учун инсонни жуда яхши билиб-билмаслигим иккинчи, бешинчи, ўнинчи ўринда эди. 18-19 ёшда у инсоннинг кимлиги, қанақа инсонлигини ўйлайдиган ақл-идрокимиз бўлмайди. Бу инсон сенга бугун қанчалик керак ва бу инсонни ёнида ўзингни қанчалик бахтли ҳис қиляпсан, деган саволлар биринчи ўринда туради. Менимча, ҳаммада шунақа бўлса керак.
Санъатга кириб борганим яқинларим орасида ҳам ҳар хил муносабатларга сабаб бўлгани учун ва у муносабатлар баъзан шунчалик чуқурлашиб борар эдики, ҳақиқатан жуда кўнгилни оғритадиган даражага келарди.
Оила қуришимга биринчи сабаб, турмуш ўртоғимга нисбатан ёшликда меҳр қўйганим бўлса, иккинчи сабаб, яқинларимни менга бўлган негатив муносабатига чек қўйиш эди. Шунинг учун оила қуриш таклифи келганида, уёқ-буёқни унчалик ўйламасдан, жавоб берганман.
Шундан кейин “Мана оилали бўлди, бизнинг зиммамиздан масъулият кетди, энди синглимиз учун хотиржам бўлсак бўлади”, деган фикрга боришади, ҳаммани кўнгли тинчийди, деб ўйлаганман.
Лекин ўшанда дадам турмушга чиқишимни хоҳламаган. “Санъаткор бўламан, орзуларим бор, деган эдинг. Менга бошқа гапларни гапиргандинг. Энди нимага шошиб турмушга чиқиш йўлини танладинг?”, деган. Аммо дадам мени қароримга ҳурмат билан ёндашиб, жавоб берган, — дейди санъаткор.
20 йиллик турмушнинг бузилиши...
Насиба Абдуллаева 1981 йил тўнғич ўғли Анварни, олти йилдан сўнг кичик ўғли Акбарни дунёга келтиради. У ўша пайтда ҳам шахсий ҳаёти ҳақида гапиришни истамасди. Шу кунгача 20 йиллик турмушининг бузилиш сабабларини ҳам очиқламаган.
— Ҳар бир инсоннинг ўз танлови бор. Мен сирли бўлишга интилмайман, шунчаки шахсиятни очиш табиатан менга бегона. Нафақат ижодда, ҳаётда ҳам шундайман, — дейди хонанда.
“Яхши инсон миллат танламайди”
Насиба Абдуллаева бошқа миллат қизини келин қилгани ва қароридан ҳеч қачон афсусланмаслигини ҳам айтиб ўтган.
— Ўғлим Анвар 30 ёшга қадар уйланиш ҳақида ўйламади. Бир куни рус қизни ёқтириб қолганини айтди. Учрашдик, бир кўришда у қизга кўнглим тушди. У иқтисодчи, ишга эрталаб кетиб, кечга қайтади. Келинлик вазифаси сабаб, карьераси тўхтаб қолишини истамайман. Севимли иши билан шуғулланиб пул топишига қарши эмасман. Рус келин уй ишларини қила оладими, деб кўп сўрашади. Шу кунгача унга бирор ишни қилишга мажбурсан демаганман. Мажбурлаб бажарилган иш билан, кўнгли истаб қилинганининг ўртасида катта фарқ бўлади. Яхши инсон миллат танламайди, мен келинимдан ҳамиша мамнунман, — дейди хонанда.
“Оғир касалликнинг якуни бўлиши керак”
Насиба Абдуллаеванинг ҳамиша озғин ва хипчабел юриши билан боғлиқ миш-мишлар ҳам тарқалган. Баъзи мухлислар жарроҳлик амалиётини ўтказгани ва белига махсус мослама жойлаштирилгани ҳақида айтишади. Хонанданинг оғир касал эканлиги ҳақидаги миш-мишлар ҳам қулоққа чалинган.
— Оғир касалликнинг якуни бўлиши керак, мен ижодни бошлаганимдан буён қоматим ўзгармаган. Ҳипчабеллик оиламизга хос, ҳатто онам ҳам саксон ёшида чиройли қомат эгаси эди. Болаликдан тўйиб, бир порция овқатни емасдим. Сабабини билмайман, аммо танам кўп овқат ейишни истамайди. Кам-кам ва тез-тез овқатланаман. Кўпчилик одамлар кунига 3 маҳал овқатланса, мен 5-6 марта дастурхонга ўтиришим мумкин. Аммо егуликларим порция жиҳатидан жуда оз бўлади, — дейди Насиба Абдуллаева.
Насиба Абдуллаева аввалгидек жўшқин ижодда эмас. Аммо катта давлат тадбирларида кўриниш бериб, мухлисларини хурсанд қилади.
Изоҳ (0)