НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс мудофаа вазирлари билан учрашув олдидан журналистларга Украинадаги жанг майдонидаги вазият оғирлигича қолаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, альянс Украинани қўллаб-қувватлашда давом этади ва Киевни музокарага ундашни режалаштирмайди.
Столтенберг айтишича, Украинадаги ҳарбий можаро қачон барҳам топишини аниқ айтиб бўлмайди. Унинг сўзларига кўра, Россия билан қачон ва қандай шартлар асосида музокарага киришишни фақат Киев ҳал қилиши мумкин. Шу билан бирга НАТО бош котиби Украинага тегишли ҳарбий ёрдам Москвани тинчлик муҳокамасига ундаши мумкинлигини таъкидлади.
“Владимир Путинни музокарага кўндиришнинг ягона йўли — Украинанинг ҳарбий қудратини кўрсатиш, шунда у жанг майдонида ғалаба қозона олмаслигини тушунади”, — деди Столтенберг.
Йиғилишда НАТО мудофаа вазирлари сувости инфратузилмани ҳимоя қилишни кучайтириш ҳамда НАТОнинг Болтиқ ва Шимолий денгизлардаги иштирокини кучайтириш масалаларини муҳокама қилади. Бундай чора-тадбирлар октябрь ойи бошида Болтиқ денгизида газ қувури ва кабелга шикаст етказилганидан кейин муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, йиғилиш давомида Мудофаа вазирлари Украинадаги мавжуд вазиятни ҳам муҳокама қилади.
НАТО мудофаа вазирларининг сўнгги йиғилиши 11-12 октябрь кунлари бўлиб ўтганди. Тадбирнинг биринчи кунида Украина президенти Владимир Зеленский ташриф буюрган. Кейин вазирлар Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можаро ҳамда Исроил ва Ғазо сектори ўртасидаги урушни муҳокама қилгандилар.
Изоҳ (0)