Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ҲАМАС ҳаракати Ғазо сектори шимолида назоратни қўлдан бой берганини маълум қилди, деб ёзади The Times оf Israel.
“Исроил армиясини тўхтатишга қодир ҲАМАС кучлари йўқ. Армия ҳар бир нуқта бўйича олдинга ҳаракатланмоқда. ҲАМАС Ғазо секторига назоратни қўлдан бой берди. Террорчилар жанубга қочмоқда. Тинч аҳоли ҲАМАС базаларини ўмармоқда. Уларда ҳукуматига ишонч йўқ”, — дейди Галант жанговар ҳаракатлардан кейин.
Унинг сўзларига кўра, Исроил кучлари “режа бўйича ҳаракатланиб, вазифаларни аниқ бажармоқда”. Бундан ташқари, Галантнинг айтишича, сўнгги кунларда мамлакат армияси туннеллар орқали ҳужум уюштираётган гуруҳларга қарши ҳаракатларни “фаоллаштирган”.
Исроил Мудофаа армияси матбуот хизмати ҳам ҲАМАСнинг Ғазо сектори шимолидаги ҳарбий тузилмалари деярли бутунлай йўққа чиқарилганини маълум қилди. Ижтимоий тармоқларда Исроил мудофаа армияси бўлинмаларидан бирининг ҳарбийлари Ғазо парламентини эгаллагани тасвирланган суратлар ҳам тарқалди.
Шу билан бирга, ҲАМАСнинг “Ал-Қассам” жанговар қаноти 13 ноябрь куни Исоирлнинг 12 та ҳарбий техникаси ўққа тутилиб, “қисман ёки бутунлай яксон қилинганини” билдирди.
Аввалроқ Фаластин президенти Маҳмуд Аббос АҚШ давлат котиби Энтони Блинкенга Иордан денгизининг ғарбий соҳили ва Шарқий Қуддусдаги вазиятни тартибга солувчи кенг қамровли сиёсий ечим доирасида Ғазо сектори Фаластин давлати назоратига ўтиши мумкинлигини маълум қилганди.
Изоҳ (0)