7 октябрь куни Исроилга ҳужум қилган ҲАМАС жангчилари, агар биринчи ҳужум муваффақиятли амалга оширилса, мамлакат ичига чуқурроқ кириб, йирик шаҳарларга ўтишга ҳозирлик кўрганди. Бу ҳақда Тҳе Washington Post хабар берди.
Тегишли маълумот Ғарб ва Яқин Шарқдаги тўртта давлатнинг собиқ ва амалдаги хавфсизлик хизмати вакилларига таяниб берилган.
“Улар иккинчи босқични Исроилнинг йирик шаҳарлари ва ҳарбий базаларида ҳам амалга оширишни режалаштирганди”, — дейди анонимлик шарти билан юқори мартабали исроиллик амалдор.
Манбаларнинг таъкидлашича, ҲАМАС жангчиларидан бирида Ғарбий Соҳил чегарасигача бўлган йўлни босиб ўтишга тайёргарлик кўраётганликларини кўрсатувчи разведка ва хариталар топилган. Жангчиларда тегишли кўрсатмалар, озиқ-овқат, ўқ-дорилар ва бир неча кун давом этиши мумкин бўлган қурол-яроғлар аниқлангани айтилмоқда.
ҲАМАСнинг режалари ҳақида қўшимча маълумотни тириклайин қўлга олинган бир неча жангчилар бергани таъкидланади.
“Ҳужум қатъий махфийлик шароитида тайёрланган, унинг баъзи тафсилотларини ҳатто ҲАМАСнинг сиёсий раҳбарияти ва унинг Эрондаги иттифоқчилари ҳам билмаган. Фақат ташкилотнинг ҳарбий қаноти қўмондонлиги хабардор эди”, — дейилади хабарда.
“Бироқ ҲАМАСнинг юқори раҳбарияти ҳужум фақат гаровга олиш билан чекланиб қолмаслигига умид қилган. ҲАМАС жангчилари уларнинг ҳаракати Исроилнинг кучли жавобини, жумладан, Ғазо секторидаги қуруқликдаги операцияни, Ғарбий Соҳилда зўравонликларни келтириб чиқаришини ва бутун минтақада кенгроқ можарога олиб келишини режалаштирган”, — дейди WSJ суҳбатдошлари.
Изоҳ (0)