Бутун Франция бўйлаб 12 ноябрь куни антисемитизмга қарши маршлар ўтказилди, деб ёзади L’independent газетаси. Париж полициясининг сўнгги маълумотларига кўра, пойтахтдаги акцияда 105 минг одам иштирок этган.
Le Figaro’га кўра, маршда Франциянинг собиқ президентлари Николя Саркози ва Франсуа Олланд, шунингдек, мамлакатнинг амалдаги бош вазири Элизабет Борн ҳам иштирок этган. Бундан ташқари, акцияда 30 га яқин вазирлар, диний етакчилар ва маданият ходимлари қатнашган.
Ташкилотчилар фуқароларни маршга “Республика учун, антисемитизмга қарши” шиори остида байроқларсиз чиқишга чақирган.
Гренобл ва Ниццадаги акцияларда камида 4 минг киши, Бордода эса 3 минг одам кўчага чиққан, Страсбургда 5 минг одам маршга қўшилган.
Фаластин—Исроил можароси бошланганидан кейин ҲАМАС бутун мусулмон оламини 13 октябрь куни фаластинликларни қўллаб-қувватловчи акциялар ўтказишга чақирганди. Тартибсизлик чиқишидан хавотирлар туфайли Парижда 12 октябрь куни фаластинликларни қўллаб-қувватловчи икки намойиш тақиқланган.
Аввалроқ эса Франция президенти Эммануэл Макрон Исроил Ғазони бомбардимон қилишни ва тинч аҳоли, жумладан, аёллар ва болаларни ўлдиришни бас қилиши кераклигини айтганди.
Изоҳ (0)