Ҳарбий соҳанинг бир неча йўналишларида хизмат қилган ходимлар иш стажи уч ҳисса кўпроқ қўшиб ҳисобланади. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси маълумот берди.
Ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасаларда, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибида ишлаган, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этган даври учун ходимга — уч ҳисса баробарида иш стажига қўшиб ҳисобланади.
“Бунда 1 йил ушбу турдаги хизматда бўлган фуқаронинг меҳнат стажи 3 йил деб ҳисобланади”, — дейилади жамғарма хабарида.
Аввалроқ иш стажи кимларга икки баробар қўшиб ҳисобланиши хабар қилинганди. Унга кўра, моховхоналарда, вабога қарши муассасаларда, иммунитет танқислиги вируси билан касалланган шахслар даволанадиган юқумли касалликлар муассасаларида ишлаганлик учун — икки ҳисса баробарида иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Шу билан бирга, кимлар ўн йил олдин пенсияга чиқиши мумкинлиги тўғрисида ҳам маълумот берилган. Жумладан, охирги иш жойидан қатъи назар ерости ишларида, меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимларга умумий белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, цирклар ва концерт ташкилотлари артистларининг айрим тоифалари ижодий ишдаги стажи камида 20 йил бўлган тақдирда 10 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Изоҳ (0)