Исландия ҳукумати мамлакат жануби-ғарбида вулқон отилиши хавфи туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди, деб хабар берди Британия телеканали Sky News.
Рейкянес яриморолидаги Гриндавик шаҳри аҳолисини “эҳтиёткорлик юзасидан” эвакуация қилишга чақирилди.
Sky News хабар беришича, эҳтимолий хавфлар туфайли Исландия ҳукумати сайёҳлар орасида машҳур бўлган Blue Lagoon геотермал курортини ҳам ёпди. Исландия метеорология идораси (IMO) сейсмик фаолликдаги “сезиларли ўзгаришлар”ни қайд этди.
Бир кун аввал Рейкянес яриморолида 800 га яқин, октябрь ойи охиридан бери эса жами 24 мингдан ортиқ ер силкинишлари қайд этилган. IMO маълумотларига кўра, сўнгги бир неча ҳафта ичида ер сатҳи 9 см га кўтарилган.
800 йиллик ҳаракатсизликдан кейин биринчи марта Исландия яриморолида вулқон тизимининг отилиши 2021 йилнинг март ойида кузатилганди. Ўшандан бери яна иккита марта вулқон отилиши содир бўлди: 2022 йил августида ва 2023 йил июлида. Ушбу вулқон отилишларида ҳеч ким жабрланмаган.