Непалдаги зилзила оқибатида камида 128 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар жароҳатланди, деб хабар бермоқда Associated Press мамлакат расмийларига таяниб.
Дастлаб 54 нафар қурбон ҳақида маълум эди. Кўп ҳудудлар билан алоқа узилгани сабабли қурбонлар сони ортиши кутилмоқда, дейди расмийлар.
Жабрланганларга ёрдам бериш учун вертолётлар ва қуруқликдаги қўшинлар жалб этилди. Агентлик маълумотларига кўра, хавфсизлик кучлари кўчкилар туфайли тўсиб қўйилган йўллар ва тоғ йўлларини тозаламоқда. Шифохоналарга дори-дармонлар ва тиббиёт ходимлари етказилмоқда.
4 ноябрга ўтар кечаси Ҳиндистон ва Непал чегарасида зилзила содир бўлди. Германия Геология тадқиқот маркази зилзила магнитудасини 6,2, чуқурлигини эса 10 километр деб баҳолаган. АҚШ Геология хизматида зилзила магнитудаси 5,6 дея, Ҳиндистон сейсмология марказида эса 6,4 сифатида қайд этилган.
Непалда охирги марта кучли зилзила (7,8 магнитудали) 2015 йилнинг апрель ойида юз берган. Ўшанда 8 мингдан ортиқ одам қурбони бўлган, яна 17 минг киши жароҳат олган.
Изоҳ (0)