Исроил армияси Ливан билан чегарада юқори жанговар шай ҳолатда эканини маълум қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
“Шимолий чегара ҳудудидаги кучларимиз шай ҳолатда ва бугун, эртага ёки яқин келажакда юзага келадиган ҳар қандай ҳодисага жавоб беришга тайёр”, — деди Исроил армияси вакили Даниэль Ҳагари.
Исроилнинг Ливан билан шимолий чегарасида сўнгги ҳафталарда “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи ва Исроил армияси ўртасида чегара бўйлаб отишма кузатилди. “Ҳизбуллоҳ” аллақачон 54 киши ҳалок бўлганини эълон қилди.
Бугун, 3 ноябрь куни Ливанда жойлашган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилишни режалаштирмоқда.
“Кеча биз кенг миқёсли ҳужум уюштирдик ва ‘Ҳизбуллоҳ’ томонидан тинч аҳолининг жароҳатланишига олиб келган оммавий ёнғинга жавобан бир қатор ъҲизбуллоҳъ ҳужайраларига зарба бердик” — деган эди Даниэль Ҳагари.
Ўз навбатида, АҚШ “Ҳизбуллоҳ”нинг Исроил билан кенг кўламли урушга киришишга тайёрлиги белгиларини ҳали кўрмаётганини даъво қилган эди.
Изоҳ (0)