Тошкент метрополитени “Texnopark” (“Дўстлик-2”) бекатида поездларнинг белгиланган вақтдан кечикиши кузатилгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 27 октябрь куни соат 19:10 лар атрофида “Texnopark” бекатига кириб келган 83-сонли ҳаракат таркиби метрополитен ходимлари томонидан текширилганда, йўловчилардан бирининг шахсий буюми қолиб кетгани аниқланган.
Йўловчилар ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, белгиланган йўриқномага асосан, ушбу поезд текширув йўлагига юборилган. Бунинг натижасида эса йўналишдаги поездлар белгиланган жадвалдан бир муддат кечиккан ҳолда ҳаракатланган.
“Шу ўринда йўловчилардан метро хизматидан фойдаланишда ўз шахсий буюмларига эътиборли бўлишларини яна бир бор эслатиб ўтамиз. Бу метро поездлари йўналишларда белгиланган жадвалга асосан ҳаракатланиши учун асосий туртки бўлаётганини маълум қиламиз”, — дейилади муносабатда.
Аввалроқ 3—5 ноябрь кунлари 3 кун муддатга, “Ер усти ҳалқа йўли” йўналишининг “Толариқ” (10-бекат), “Хонобод” (11-бекат) ва “Қурувчилар” (12-бекат) бекатларида поездлар ҳаракати тўхтатилиши тўғрисида хабар берилганди. Октябрь ўрталарида Тошкент метрополитени охирги вақтда йўловчилар сони ошиб кетгани боис мурожаат билан чиқиб, “янги вагонлар келишига 2 ой қолгани”ни маълум қилган эди.
Изоҳ (0)