Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи саммити чоғида Словакия ва Венгрия Украинага 50 миллиард евролик ёрдам пакети ажратилишига қарши чиқди, деб ёзади Politico.
Нашрнинг дипломатик манбага таяниб ёзишича, Венгрия бош вазири Виктор Орбан йиғилишдан олдин ЕИнинг Киевни қўллаб-қувватлаши “иш бермаслигини” айтган. Словакия бош вазири Роберт Фико эса Украинадаги коррупция муаммоларига тўхталиб ўтган.
Гап Украинага кейинги тўрт йилга мўлжалланган ёрдам дастури ҳақида кетмоқда, уни Брюссел 2024 йилдан 2027 йилгача бўлган давр учун Европа Иттифоқи бюджетига ўзгартиришлар доирасида тасдиқлашни режалаштирмоқда. Пакетни тасдиқлаш учун ассоциацияга аъзо бўлган 27 та давлатнинг барчаси қўллаб-қувватлаши керак.
Шу билан бирга, Европа кенгаши президенти Шарл Мишелнинг сўзларига кўра, йиғилишда Европа Иттифоқининг узоқ муддатли молиявий режасини қайта кўриб чиқиш бўйича “умумий консенсусга эришилган”. У муаммо йил охиригача ҳал этилишига умид билдирди.
ЕИ Украинага 2024 — 2027 йилларга мўлжалланган бюджет тақчиллигининг 45 фоизини қоплаш учун 50 миллиард евролик молиявий ёрдам пакети ажратиш устида ишламоқда; Молия вазири Сергей Марченконинг сўзларига кўра, келаси йили Киев бу суммадан 18 миллиард еврони олиши кутилмоқда.
Октябрь ойи бошида Bloomberg Венгрия ушбу ёрдам пакетини икки қисмга бўлишни таклиф қилгани ва ҳозир Украина учун ярми етарли бўлади, деган фикрни билдиргани ҳақида хабар берганди. ЕИ саммити бошланишидан олдин Орбан Будапешт Киевга нима учун пул кераклигини батафсил асослаб беришни талаб қилишини айтган.
Изоҳ (0)