Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилишда президент келгуси йилда 100 минг гектар яйловни яшил экинлар билан қоплаш дастурини амалга ошириш вазифасини қўйди.
Йиғилишда қайд этилишича, вилоятда 1,4 миллион гектар яйлов бор. Бу — 7 миллион бош қорамол ва қўй-эчки учун табиий озуқа базаси. Лекин, Миришкор, Муборак ва Нишонда 20 фоиз яйлов деградацияга учраган, яна 25 фоизида яшил қоплама йўқ.
Шу боис келгуси йилда 100 минг гектар яйловни яшил экинлар билан қоплаш дастурини амалга ошириш вазифаси қўйилди. Бунда қурғоқчилик, иссиқ ва чўлланишга қарши уруғчилик хўжаликлари ташкил қилинади, мева-сабзавот ва доривор ўсимликлар экилади, кўп йиллик дарахтзорлар барпо қилинади, сув тежовчи технологиялар жорий этилади ҳамда қуёш энергиясида ишлайдиган насослар ўрнатилиб, ёмғирлатиб суғориш пилот лойиҳаси ишга туширилади.
Мутасаддиларга 1,4 миллион гектар яйловнинг электрон харитасини яратиш ва 100 минг аҳолини банд қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Келгуси йилда Қашқадарёда экин майдонларининг агрокимёвий тупроқ таҳлилини ўтказадиган 10 та мобил лаборатория ташкил қилинади. Бундан ташқари, Чорва моллари генетик тадқиқоти лабораторияси ташкил қилиниб, Испаниянинг Ассаф қўйларидан янги миллий зотлар кўпайтирилади.
Изоҳ (0)