Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Швециянинг НАТОга кириши ҳақидаги протоколни имзолади ва уни ратификация қилиш учун мамлакат парламентига юборди. Бу ҳақда Туркия президенти маъмурияти маълум қилди.
“Швециянинг НАТОга қўшилиши ҳақидаги протокол 2023 йил 23 октябрда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан имзоланган ва Туркия Буюк Миллат Мажлисига тақдим этилган”, — дейилади Anadolu агентлиги тарқатган хабарда.
Швеция ва Финляндия 2022 йилнинг май ойида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган. Финляндия 2023 йилнинг 4 апрелида иттифоққа қабул қилинган, бироқ Туркия Швециянинг аъзо бўлишига тўсқинлик қилган.
Анқара Швеция расмийларидан терроризмга қарши кураш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришни, хусусан, Туркияда террорчи деб топилган Курдистон ишчилар партиясини қўллаб-қувватлашдан воз кечишни талаб қилди. Эндиликда Швециянинг НАТОга кириши Венгрия томонидан ҳам тасдиқланиши керак.
Изоҳ (0)