Ўзбекистонга келган яна бир сайёҳ — туркиялик фуқаро Тошкент—Андижон поездида 100 минг сўм пора эвазига жойини ўзгартирганини айтиб, тармоққа видео юклади. Бу ҳақда Telegram'даги Troll.uz каналида хабар берилди.
Ё тавба, нималар бўляпти?! Яна бир чет эллик сайёҳ “Ўзбекистон темир йўллари”нинг пок ходимларига пора бериб, уларни шарманда қилибди. Афтидан, темирйўлчиларни бошидан охиригача ҳалоллик вакцинаси билан эмлавориш керак. Йўқса, “тўхтатинглар, мен бу Янги Ўзбекистондан тушиб қоламан”, дейишдан ўзга чора қолмайди. Чет эллик туристларда, — дейди бу ҳақда фикр билдирган журналист ва блогер Муҳрим Аъзамхўжаев.
Қўшимча қилинишича, пора эвазига жойини ўзгартирган сайёҳ умримда биринчи марта пора берганини, бундан ўзи ҳам ғалати бўлганини билдирган.
“Дарё”нинг бу ҳақдаги сўровига жавоб берган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборот хизмати раҳбари Алишер Болтабоев ҳолат ўрганилаётганини, тез орада расмий маълумот берилишини билдирди.
Аввалроқ тармоқларда “Афросиёб”да 10 долларга сотиб олинган билетини ичкарида яна 15 доллар тўлаб, ўз жойини эконом классдан бизнес классга ўзгартирган сайёҳ видеоси тарқалганди. Ҳолатга муносабат билдирган “Ўзбекистон темир йўллари” ахборот хизмати мазкур видео эски эканини, бундай хатога йўл қўйган масъул ишдан олинганини маълум қилди.
Изоҳ (0)