Кейт Уинслет 30 ёшида Гиннеснинг рекордлар китобига кирди — у рекорд даражадаги тўртта “Оскар” номинациясига сазовор бўлди. Жасур, меҳнаткаш ва ҳақиқий аёл Кейт Уинслет 5-октябр куни 48 ёшини нишонлади.
2009 йилда Кейт Уинслет “Китобхон” фильмидаги роли учун “Оскар”ни қўлга киритганида, у бу лаҳзани болалигида кўп марта тасаввур қилганини тан олади. Актриса ҳатто ваннахонада ойна олдида тилла ҳайкалча ўрнига шампун идишидан фойдаланиб, нутқини машқ қилганини айтади. Кейт болалигиданоқ ким бўлишни хоҳлаётганини биларди: қиз актёрлар оиласида ўсган, ота-онасининг спектаклга тайёрланаётганини томоша қилиб, кўп вақтини саҳна ортида ўтказган. Кастингларда қатнаша бошлаган 11 ёшли Уинслет бутун фаолияти давомида уни безовта қиладиган муаммога дуч келади: кўриниши Голливуд стандартларига жавоб бермагани ва ортиқча вазнга эга бўлгани учун қаттиқ танқид қилинади.
Анча йиллардан сўнг Уинслет кинода табиий гўзаллик рамзига айланади — экранларда кўпинча макияжсиз чиқади. Аммо ўсмирлик даврида Кейтни ташқи кўриниши туфайли кўплаб кастинг менежерлари рад этган, синфдошлари эса масхара қилган.
1994 йилда Янги зеландиялик режиссёр Питер Жексон икки ўсмир қотил — “Самовий мавжудотлар” ҳақида фильм суратга олади. Жексон кастингда шахсан иштирок этади ва асосий рол учун 175 нафар даъвогар орасидан Кейтни танлайди. Ўша пайтда қиз кечки кафеда официант бўлиб ярим сменада ишларди. Кейт мижозга сендвич тайёрлаётганда, агент телефон қилиб, уни кинога таклиф қилади. Кейинчалик актрисанинг сўзларига кўра, у кўп муваффақиятсизликлардан кейин бу таклифни эшитгач, кафенинг орқасига ўтиб, бахтдан йиғлаб юборади.
“Самовий мавжудотлар” фильми 1952 йилдаги реал воқеаларга асосланган бўлиб, Уинслет дугонасини ўз онасини ўлдиришга кўндираётган фантазияларга берилиб кетган Жулиэт Ем ролини ўйнайди. Ёш актрисанинг маҳоратли ижроси танқидчилар томонидан юқори баҳоланади ва Жейн Остиннинг “Ақл ва туйғу” романини фильмлаштиришда Мериан Дешвуд ролини ўйнаш учун актриса қидираётган тайванлик режиссёр Анг Лининг эътиборини тортади. Фильм Уинслетнинг костюм драмаси жанридаги кўплаб асарларидан биринчиси бўлади.
“Ақл ва туйғу” фильми томошабинларни 19-аср бошларидаги Англияга етаклайди. Сепсиз опа-сингиллар шахсий бахти учун ҳаракат қилмоқда: катта опаси ақлига қулоқ солади, кичиги (Уинслет) эса қалби нима деса шуни қилади. Кейтнинг суратга олиш майдончасидаги партнёрлари машҳур британиялик актёрлар — Алан Рикман, Хю Грант ва Эмма Томпсон эди. Интилувчан актриса ушбу юлдузлар орасида йўқолиб қолмасликка муваффақ бўлди ва экранда қизиққон, юмшоқ ва ҳимоясиз қизнинг ишончли образини яратди.
Уинслетнинг биринчи қаҳрамонларининг образи шундай шаклланади: қўғирчоққа ўхшаш юз тузилиши, бир оз бўғиқ овоз ва кучли ҳислар. Бунга Кеннет Брананинг “Гамлет” фильмидаги отасига аза тутган, юзи шишиб кетган Офелия ва “Маркиз де Сад қалами” драмасидаги кир ювувчи аёл Мадлен ва ҳатто Уинслет фаолиятидаги бурилиш нуқтаси бўлган “Титаник” фильмидаги Роуз ҳам киради.
Гап Жеймс Кемероннинг “Титаник” фильми рекорд ўрнатган ҳолда 11 та “Оскар”ни қўлга киритиб, Уинслет ва унинг ҳамкасби Леонардо Ди Каприони бир кечада “А” рўйхатидаги юлдузларга айлантирганида эмас. Фильмни тахминан икки қисмга бўлиш мумкин: фильмнинг биринчи ярми аристократ қиз ва камбағал йигит ўртасидаги севги ҳикояси, иккинчиси — 20-асрнинг машҳур фожиаси хроникаси. Сюжетга ўхшаб, Уинслетнинг қаҳрамони ҳам фильм давомида ривожланади ва ўзгаради. Аввалига Роуз мағрур ва ўзига ишонмайдиган қиз бўлиб, оқимга қарши сузолмайди: том маънода ҳам, мажозий маънода ҳам. Роуз учун Титаникда саёҳат ҳашаматли ўйин-кулги эмас, балки мажбурий никоҳ йўлидаги сўнгги қадамдир. Умидсизлик қаҳрамонни ўз жонига қасд қилишга ундайди, лекин бу ерда ҳам у қатъиятли эмас. Иккинчи ярмида Уинслетнинг қаҳрамони кучли ва иродали аёл бўлиб, нафақат ўзини, балки севгилисини ҳам қутқаришга қодир. Бу икки томонлама табиат Уинслетнинг кўплаб қаҳрамонларига хос: у бир вақтнинг ўзида юмшоқ ва қўпол, заиф ва кучли бўла олади.
2000 йилларнинг бошларида актриса учун асосий фильм “Айрис” биографик драмаси бўлиб, унда Кейт ёзувчи Айрис Мердок образини гавдалантирган. Уинслет учун ёзувчи ҳаётининг сўнгги йилларини тушкунликдан фарқли ўлароқ, ёш Айриснинг озодлик ва ҳаётга чанқоқлигини кўрсатиш муҳим эди.
Актриса 2004 йилда Мишел Гондрининг “Беғубор ақлнинг абадий қуёши” фильми устида ишлаётганида ёрқин порлаб, тез ўчадиган жасур аёл образига қайтади. Француз режиссёри ҳақли равишда 2000 йилларнинг асосий экспериментчиларидан бири деб аталади ва бу сафар Кейт эксперимент марказида эди. Гондри актрисани комедия яратаётганига ишонтиради ва суратга олиш майдончасида импровизация қилишни сўрайди. Жим Керри билан биргаликда Уинслет жилмайиб, ҳазил қилади ва томошабинларга истеъдодининг янги томонини очиб беради. Дарҳақиқат, мзакур фильмни комедия деб аташ қийин, сюжет бир-бирини хотирасидан ўчириб ташлайдиган ва кейин бундан афсусланиб “бекор қилиш” тугмасини қидирадиган икки ошиқ ҳақида. Кейтнинг қаҳрамони Клементина Кручински импулсив, ҳалол ва муросасиз аёл. Ёш Айрис каби Клементина ҳам ҳаётни яхши кўради ва бу туйғуни атрофидаги барчадан қидиради. Роуз каби у ҳам бошқа бировнинг стандартларига мослашишга тайёр эмас. Мериан Дешвуд сингари у юрагига қарши боролмайди. “Беғубор ақлнинг абадий қуёши” муваффақияти режиссёрларга Уинслетдаги кўп қиррали актрисанинг имкониятларини кўришга ёрдам берди ва унинг ўзи Клементина Кручински ролини карьерасидаги энг яхши рол деб билади.
30 ёшида Уинслет аллақачон бешта “Оскар” номинациясини қўлга киритган эди — бу ёшдаги ҳеч бир актриса илгари бундай юксакликка эришмаган.
Уинслет карьерасининг чўққиси 2008 йилда суратга олинган “Китобхон” фильми бўлади. Дастлаб Никол Кидман бу лойиҳада иштирок этган, бироқ оилавий сабабларга кўра актриса бу ролни рад этади, кейин режиссёр Стивен Далдри ролга Кейтни таклиф қилган. Уинслет фаолияти давомида ҳар бир қаҳрамони билан ўзи ўртасида умумийлик топишга ҳаракат қилади, бу эса актрисага қаҳрамонини яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Сценарийни ўқиб бўлгач, Кейт бу ролни дастлаб рад этади: шафқатсиз ва совуққон Ханна билан умумий жиҳат топиш мумкин эмасди. Бироқ Уинслет ҳеч қачон қийинчиликлардан қўрқмаган ва натижада “Китобхон” фильмидаги рол актрисанинг фильмографиясида энг қийин ва баҳсли рол бўлади. Бош қаҳрамон 36 ёшли Ханна урушдан кейинги Германияда трамвай кондуктори бўлиб ишлайди. Бу аёл тасодифан 15 ёшли Михаел билан танишади ва улар ўртасида севги муносабатлари бошланади, кейинчалик Ханна тўсатдан ғойиб бўлади. Орадан саккиз йил ўтгач, йигит ўзининг собиқ севгилиси Освенсимда назоратчи бўлиб ишлаганини ва 300 нафар аёл ўлимига сабабчи бўлганини билиб қолади.
Уинслетнинг истеъдоди туфайли Ханнанинг характери кўп қиррали бўлиб, бир-бирига мос келмайдиган хусусиятларни бирлаштиради. Ханна Диккенснинг “Қишлоқ дўкони” китобини ўқиб берар экан, ёш севгилисининг бағрида йиғлайди, лекин суд залида унга нисбатан айтилаётган айбловларни лоқайдлик билан тинглайди. Ханнани кекса аёл сифатида тасаввур қилиш учун Кейт кафеларда кекса одамларни кузатар, уларнинг ҳаракатлари ва мимикаларини ёдларди. Уинслетнинг ролга ёндашган маҳорати ва фидойилиги актрисага “Оскар” олиб келади.
“Китобхон”дан кейин таниқли режиссёрлар Кейт билан ишлашни хоҳлашади: Роман Полански, Вуди Аллен, Дэнни Бойл шулар жумласидан. “Қирғин” комедиясида Уинслет яна ўзининг метаморфоза қилиш қобилиятини намойиш этади: унинг қаҳрамони ўзига оро бериб юрадиган аслзода аёлдан болалар ўртасида жисмоний зўравонликка қарши намойишчига айланади.
Кейт 2021 йилда “Исттаунлик Мейр” сериалида бош ролни ўйнаб, ичида синган бўлса-да, аммо ташқи кўринишидан кучли аёл образига қайтади. Вилоят шаҳарчасидаги қотилликлар ҳақидаги сюжет фонга ўтади; олд планда бош қаҳрамоннинг оғир нигоҳи, гўё дунё азобини акс эттиради. Детектив Мейр Шиэн Исттаунда содир бўлаётган ҳамма нарсада ўзини айблайди. Бундан қутулишнинг ягона йўли — ишга киришиш ва жиноятчиларни топиш, аммо шаҳардаги ҳар бир фуқаронинг ўз сири бор. Мейр образидаги муҳим элелмент тартибсиз соч турмаги, юзидаги ажинлари ва умуман бўянмаганлигидадир. Уинслетнинг ўзи, продюсерларнинг норозилигига қарамай, шу шартларни талаб қилади. Ўз танасини қабул қилишдаги узоқ курашдан сўнг актриса аёлларга мен ҳам сиз кабиман демоқчи бўлади.
Уинслет 30 йиллик фаолияти давомида томошабинларга аёл образларининг бутун галереясини тақдим этди. Унинг қаҳрамонлари кучли, заиф, жасур, эҳтиросли ва доимо ҳис-туйғуларга тўла. Улар ҳам Кейт каби ўзлари учун қадрли бўлган нарса учун курашда стереотипларни бузишдан қўрқмайди.
Изоҳ (0)