Украинанинг Харьков шаҳри ҳокимияти ерости мактаби қурмоқчи, деди шаҳар мэри Игор Терехов ўзининг Telegram-каналида.
“Биз Украинада ҳимоя тузилмалари учун энг замонавий талабларга жавоб берадиган биринчи ерости мактабини қуришни режалаштирмоқдамиз. Бундай бошпана минглаб харковлик болаларга ракета таҳдиди пайтида ҳам хавфсиз таълим олишда давом этиш имконини беради”, — деди Терехов.
Шаҳар раҳбари Харьков ҳокимияти таълимга сармоя киритишда давом этишини ва “бюджет маблағлари тақчиллигига қарамай”, 2023—2024 йилларда бу соҳага харажатларни камайтирмаслигини таъкидлади.
Харьковда 2023 йил сентябр ойида Россия қўшинлари томонидан давомий ҳужумлар фонида бешта шаҳар метро бекатидаги бир нечта хона икки сменада ўқийдиган 19 та мактаб ўқувчилари учун синф хоналарига айлантирилди. Харьков мэри Игор Терехов “бу вақтинчалик чора” эканини айтди. Шу билан бирга, Харьков ҳукумати шаҳарнинг Саноат туманида 450 нафар бола ўқиши мумкин бўлган “мактаб бомбапаноҳи” қурилишини эълон қилди.
Изоҳ (0)