Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёев жорий ва келгуси ҳафтада иштирок этадиган қатор халқаро тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, президент 14—15 сентябрь кунлари Тожикистоннинг Душанбе шаҳрига бориб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви ҳамда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитида қатнашади.
Бу саммитларда президент қатор муҳим ва долзарб таклиф ҳамда ташаббусларни илгари суриши, минтақада савдо-иқтисодий, транспорт-логистика алоқаларини, “яшил” иқтисодиёт ва энергетика, сув ва экология соҳаларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларига қарши биргаликда курашиш каби масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, президент кейинги ҳафтада АҚШга жўнаб кетади. Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессияси умумсиёсий мунозараларида нутқ сўзлайди.
“Президентимиз халқаро ҳамжамиятни нафақат юртимиздаги ислоҳотлар жараёни, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий-сиёсий модернизация соҳаларида эришилган натижалар билан таништирадилар, балки ҳам минтақавий, ҳам глобал аҳамиятга эга қатор муҳим ташаббусларни илгари суриши кутилмоқда”, — дейди Шерзод Асадов.
Ташриф давомида давлат раҳбари Жо Байден таклифи билан ўтказиладиган “C5+1” форматидаги АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи учрашувида иштирок этади.
Изоҳ (0)