Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 8 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида мактабларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасида олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Йиғилишда қўмита аъзолари муҳокамалар чоғида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати юзасидан мутасаддилардан изоҳ сўраган.
Вазирлик вакилларининг маълум қилишича, айни пайтда 10 104 та умумтаълим мактаблари мавжуд бўлиб, улардан 486 таси марказий иситиш тармоғи орқали 9 467 таси локал иситиш тармоғи, 151 таси эса қўлбола печлари орқали иситилиши учун зарур чоралар кўрилган.
Маълумот учун, “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида иссиқхона, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналардан ташқари 5407 та ижтимоий объект 2023 йилда кўмир ёқилғисига ўтказилиши белгиланган.
Иситиш тизими табиий газдан кўмир ёқилғисига ўтказиладиган ижтимоий объектларнинг 2 432 таси халқ таълими объектларидир. Хусусан, Тошкентда 20 та мактаб иситиш кўмир ёқилғисига ўтказилади: Бектемир туманида 4 та, Мирзо Улуғбекда 2 та, Сергелида 6 та, Янгиҳаётда 5 та ва Яшнободда 3 та мактаб. Бунинг учун қўшимча 600 тонна кўмир талаб этилади.
2022 йилда Ўзбекистондаги мавжуд мактабларнинг 7111 таси кўмир ёқилғиси ёрдамида иситилган.
Изоҳ (0)