Фарғона вилояти Қўштепа ва Олтиариқ туманларида 7 киши ароқдан заҳарланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати “Дарё”га маълум қилди.
Унга кўра, 5 сентябрь куни Қўштепа туманида яшовчи 2 нафар фуқаро номаълум моддадан заҳарланиш оқибатида соғлиғи ёмонлашиб, туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Шунингдек, шу куни Олтиариқ туманида яшовчи 5 нафар фуқаро ҳам номаълум моддадан заҳарланиб, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Терговга қадар текширув давомида Қўштепа туманида яшовчи фуқаро А.Д. бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб, қўлбола усулда алкоголли маҳсулотлар тайёрлаган. Ушбу маҳсулотларга “Актау” ва “Каратау” номли савдо белгили ёрлиқларни ёпиштириб, умумий овқатланиш шохобчаси ва бир оилавий корхонасига сотгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан 6 сентябрь куни Жиноят кодексининг 186 ва 186-1-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи А.Д. процессуал тартибда ушланди. Тергов давом этмоқда.
Изоҳ (0)