Сурхондарёда ҳокимдан адолат талаб қилган директор калтаклаб кетилгани айтилган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан маълумотларни очиқлади.
Унга кўра, Сариосиё туманидаги 28-умумий ўрта таълим мактабининг директори ўқитувчининг яқин қариндошлари томонидан калтакланганлиги ҳолати юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалган видеохабар бўйича туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилди.
Аниқланишича, мактаб директори У.Т. мактаб ўқитувчиси Д.К.нинг дарс соатларини асоссиз равишда камайтиргани сабабли турмуш ўртоғи Й.М. томонидан уриб, енгил тан жароҳати етказилган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасига кўра, Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми ва 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумон қилинувчи шахс процессуал тартибда ушланган. Жиноят ишининг тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ҳам ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Маълум қилинишича, вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов У.Т.дан хабар олиш учун шифохонага йўлга чиққан.
“Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори У.Т. билан боғлиқ юз берган вазиятдан чуқур афсусдамиз.
Маълум бўлишича, жабрланувчи тиббиёт муассасасига етказилиб, тегишли муолажалар кўрсатилган. Гумонланувчи туман ИИБга олиб келиниб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган ва назоратга олинган”, — дейилади ҳокимлик баёнотида.
Изоҳ (0)