Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 2024 йил 1 июлдан бошлаб кадастр муҳандиси институти жорий этилади. Бу ҳақда Norma хабар берди.
2020 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти жорий этилганди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни кенг жалб этиш доирасида кадастр соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, тажриба-синов натижаларини инобатга олиб, кадастр муҳандиси институтини босқичма-босқич жорий этиш орқали аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилади.
Шу мақсадда кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти уй-жой фондига оид кўчмас мулк объектларига нисбатан 2023 йил 1-октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида жорий этилади. 2024 йил 1 июлдан бошлаб эса республиканинг барча ҳудудларида жорий этилади.
Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси ўз фаолиятини юридик шахслар билан меҳнат шартномасини тузиш орқали ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида амалга оширади.
Айрим НҲҲларга қуйидагиларга тааллуқли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:
- кадастр муҳандиси фаолияти билан шуғулланиши мумкин бўлган мутахассислик йўналишларини кенгайтириш;
- кадастр муҳандислари томонидан шаҳодатнома олиш учун ариза топширишдан малака имтиҳонигача бўлган вақтни қисқартириш;
- малака имтиҳонини топшириш вақтини узайтириш;
- кўп йиллик дов-дарахтларга кадастр йиғмажилдини тайёрлаш муддатини белгилаш.
Ҳужжат 24 августдан бошлаб кучга кирди.
Изоҳ (0)