“Толибон” ҳаракати куч ишлатишларсиз халқаро ҳамжамиятнинг бирорта таклифини қабул қилмайди. Бу ҳақда “Толибон”га мухолиф Афғонистон “Миллий жунбиш” партияси етакчиси маршал Абдурашид Дўстум видеоконференцияда айтиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дарё” мухбири.
Куч ишлатилмаса, “Толибон” халқаро ҳамжамиятнинг бирорта режаси ёки таклифини қабул қилмайди, бу ҳаракат шариат номи остида ўз сиёсатини давом эттирмоқда, — деди Дўстум.
У “Толибон”га қарши чора-тадбирлар ҳақида ҳам фикр билдирди:
“Толибон”га қарши мухолифат етакчилари бу масала устида ишламоқда. Халқаро ҳамжамият ва қўшни давлатлар “Толибон” билан муроса қила олмаслигига ишонч ҳосил қилса, қаршилик фронти аъзолари “Толибон”га чора қўллашга киришади.
Дўстумнинг айтишича, “Толибон”ни ағдариш учун энди Америка танклари, тўплари ва самолётлари керак эмас. Одамлар мавжуд вазиятдан тўйган, улар фақат муносиб етакчилигига муҳтож.
Унинг сўзларига кўра, Афғонистонни қутқариш учун қудратли давлатлар ҳеч бўлмаганда Миллий қаршилик кенгашини тан олиши керак. Қаршилик кенгаши аъзолари “Толибон”га қарши кураш тажрибасига эга ва улар керакли вақтда ҳаракатни бошлайди.
Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий можароларда 40 йилдан ортиқ иштирок этган 69 ёшли Дўстум 2021 йил 14 август куни Мозори Шарифдаги шиддатли тўқнашувдан сўнг Афғонистонни тарк этганди. У аввал чегарадан Ўзбекистонга ўтиб, у ердан Туркияга кетган.
Аввалроқ Rolling Stone нашрига берган интервьюсида Абдурашид Дўстум “Толибон”ни енгиш учун АҚШнинг сиёсий кўмагига муҳтож эканини айтганди.
Изоҳ (0)