Туркия махсус хизматлари Россиянинг Анқарадаги элчиси Андрей Карловнинг ўлдирилишида гумонланган яна бир шахсни қўлга олди. Қўлга олиш операцияси Истанбулда ўтказилди.
Hurriyet газетаси хабар беришича, 2016 йилда Карловга қарата ўқ узган собиқ полициячи Мавлут Мерт Олтинтош танишининг рафиқаси ҳибсга олинган.
Нашр полициядаги манбаларга таяниб, аёл террорчилик ташкилоти бўлган FETO аъзоси эканини ёзмоқда. Россия элчиси қотилининг таниши ва унинг рафиқасининг исм-шарифлари ҳозирча ошкор қилинмаяпти.
Андрей Карлов 2016 йилнинг 19 декабрида Анқарада “Россия турклар нигоҳида” фотокўргазмасининг очилишида нутқ сўзлаётган вақтда ўлдирилганди.
Россия элчисининг ўлдирилиши бўйича суд ҳукми 2021 йил мартида эълон қилинган. Унга кўра, беш киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди, яна саккиз нафари 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилинди, олти нафар айбланувчи оқланди. Бошқа судланувчиларнинг иши алоҳида процессга ажратилди.
Изоҳ (0)