Британияда Россия фойдасига жосусликда гумон қилинган уч болгар терроризмга қарши кураш бўйича терговчилар томонидан ҳибсга олинди ва уларга айблов қўйилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Айбланувчилар февралда “давлат сирлари” тўғрисидаги қонунга биноан ҳибсга олинган. Россия разведка идораларида ишлаганликда айбланаётган шахслар: 45 ёшли Орлин Руссев, 41 ёшли Бизер Жамбазов ва 31 ёшли Катрин Иванова.
Улар “нотўғри ниятда” шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, жумладан, Британия, Болгария, Франция, Италия, Испания, Хорватия, Словения, Греция ва Чехия паспортлари, ID карталари ва бошқа ҳужжатларни сақлашда айбланган.
BBC терговига кўра, бу учлик кўп йиллар давомида Британияда яшаб, турли ишларда ишлаган. Руссев илгари Россияда бизнес манфаатларига эга бўлган ва 2009 йилда Британияга кўчиб ўтган.
Уч йил давомида у молиявий хизматлар компаниясида техник мутахассис бўлиб ишлаган. Унинг LinkedIn профили у хабарларни ёки электрон сигналларни ушлаш билан боғлиқ бизнесга эга эканини кўрсатади.
45 ёшли мутахассис Болгария Энергетика вазирлигида маслаҳатчи бўлиб ҳам ишлаган.
Ўз навбатида, Жамбазов касалхона ҳайдовчиси, Иванова эса лаборант сифатида таърифланган. Эр-хотин тахминан ўн йил олдин Британияга кўчиб ўтган ва Болгария фуқароларини “Британия жамияти маданияти ва меъёрлари” билан таништиришга ёрдам бериш учун жамоат ташкилотини тузган.
Жуфтлик, шунингдек, чет элда яшовчи фуқароларнинг Болгария сайловларида овоз беришини тарғиб қилиш учун Лондондаги сайлов комиссияларида ишлаган.
Изоҳ (0)