Хитой расмийлари АҚШ Марказий разведка бошқармаси учун жосуслик қилган шахс фош этилганини маълум қилди.
Хитой Давлат хавфсизлик вазирлигининг 11 август, жума куни эълон қилган баёнотига кўра, 52 ёшли Зенг исмли Хитой фуқароси АҚШ разведкаси учун жосуслик қилган.
Вазирлик фуқарога нисбатан қўлланган жазо ҳақида батафсил маълумот бермаган, фақат “хавфни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида унга нисбатан қўлланган мажбурлов чоралари”ни тилга олган. Ўз баёнотида вазирлик ўтган ой қабул қилинган контрразведка тўғрисидаги қонунни келтириб ўтди. Бу қонун миллий хавфсизликка таҳдид деб ҳисобланган ҳар қандай фаолиятни бостириш учун ҳукуматга мисли кўрилмаган ваколатларни беради.
Хитойнинг контрразведка тўғрисидаги қонунига кўра, “миллий хавфсизлик ва миллий манфаатларга тааллуқли ҳужжатлар, маълумотлар, материаллар ва ашёларни” рухсатсиз олиш жосуслик сифатида баҳоланиши мумкин.
Вазирлик баёнотига кўра, Зенг Италияга ўқиш учун юборилган ва у ерда АҚШнинг Римдаги элчихонасида ишлайдиган Марказий разведка бошқармаси агенти билан дўстлашган. У Зенгни Хитой ҳарбийлари ҳақида “махфий маълумот” беришга кўндирган. Бунинг эвазига Зенгга “катта миқдорда пул” ва оиласи билан АҚШга кўчиб ўтишда ёрдам ваъда қилинган.
Маълумотларга кўра, Зенг Америка томони билан шартнома имзолаган ва Хитойга қайтишдан олдин ўз мамлакати учун жосуслик қилишга ўргатилган.
Изоҳ (0)