Сирдарё шаҳрида фаолият юритувчи мебел корхонаси раҳбари ишчи ёллаб, Тошкентда иккита чинорни кестирди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Юнусобод тумани 7-мавзеси, “Астробод” МФЙ ҳудудида Сирдарё вилояти, Сирдарё шаҳрида фаолият юритувчи мебел ишлаб чиқаришга ихтисослашган МЧЖ раҳбари икки нафар ишчи ёллаб, икки дона чинор дарахтини кестирган.
Бунинг оқибатида табиатга 204 миллион 105 минг сўм зарар етказилган.
Тегишли ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва керакли чора-тадбирларни кўриш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.
Маълумот учун, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган.
Изоҳ (0)