Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманида аёл Қозоғистонда ишлаётган эрига жаҳл қилиб, болаларини мунтазам қийнаб келгани аниқланди.
Аниқланишича, 19 июль куни Қораўзак тумани, “Қутли макон” МФЙда яшовчи фуқаро П.Ж. Қозоғистонда ишлаб юрган турмуш ўртоғи К.С. билан юзага келган келишмовчилик натижасида, вояга етмаган фарзданди Т.Ж.га тазйиқ ўтказиб, уни ҳақорат қилгани тасвирланган видеони турмуш ўртоғи К.С.га Telegram орқали юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан 27 июлда Қораўзак туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан фуқаро П.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” банди (вояга етмаган шахсни муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, мазкур оилада тарбияланаётган уч нафар вояга етмаганларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида туман прокуратураси томонидан уларнинг ҳолидан хабар олиниб, мактабгача ва мактаб таълими ҳамда ички ишлар органларининг психолог хизмати ходимлари жалб қилинди.
Ҳозирда вояга етмаганлар Қозоғистондан қайтиб келган отаси К.С.нинг қарамоғига топширилди. Жиноят иши тергови Қорақалпоғистон прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Изоҳ (0)