Ўзбекистонда энг хавфли йўл ва чорраҳалар харитаси шакллантирилади, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Унга кўра, йиғилишда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги – жамоатчилик назоратида” тамойили асосида йилига камида икки марта ижтимоий сўров ўтказиш йўлга қўйилиши таъкидланди. Энди йўлдаги дислокация тушунчасидан воз кечилиб, барча йўл-патрул хизмати ходимлари учун маҳаллаларни қамраб олувчи жавобгарлик ҳудуди белгилаб қўйилади.
Энг хавфли йўл ва чорраҳалар харитасини шакллантириб, уларни тартибга солиш учун:
- нечта светофор ёки қанча узунликдаги йўл тўсиқлари керак;
- қайси ҳудудларга ер усти ва ер ости пиёда йўлаклари зарур;
- ҳаракат хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдираётган “яма” ва “гармошкалар”ни таъмирлаш учун қанча маблағ зарур, деган саволларга аниқ ҳисоб-китобларини бериш топширилди.
Мутасаддилар ва барча вилоятлар ҳокимларига бир ой муддатда консултантларни жалб қилиб, ҳудудидаги энг хавфли йўл ва чорраҳаларда тартиб ўрнатиш лойиҳасини бошлашга кўрсатма берилди.
Изоҳ (0)