Ўзбекистонда 2023 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 568 минг сўмни ташкил этди, деб хабар бермоқда Статистика агентлиги.
Маълум қилинишича, ушбу қиймат Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 февралдаги қарори билан тасдиқланган “2023 йил учун статистика дастури”да белгиланган муддатда, 2022 йил (йиллик) инфляция даражасидан келиб чиқиб ҳисобланди.
Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан:
- давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
- мамлакатнинг камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
- камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
- пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.
Маълумот учун, 2022 йилда йил минимал истеъмол харажатлари қиймати 498 минг сўм этиб белгиланганди. 2021 йилда бу кўрсаткич 440 минг сўмни ташкил этган.
Изоҳ (0)