Сўнгги олти кун ичида Канададаги фаол ўрмон ёнғинлари сони 590 тадан 734 тага ошди ва ёнғин натижасида вайрон бўлган ҳудуд 9 миллион гектарга етди.
Ўрмон ёнғинларига қарши курашиш бошқармаси маълумотларига кўра, 734 та ёнғиндан 430 таси ҳалигача назоратга олинмаган.
Энг кўп ёнғинлар Алберта, Британия Колумбияси, Квебек ва Онтарио провинцияларида қайд этилган. Ёнғин тарқалишига мамлакатнинг деярли бутун ҳудудида ҳукмронлик қилаётган иссиқ об-ҳаво ҳам сабаб бўлмоқда. Баъзи ҳудудларда ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқорига чиқмоқда.
Канада фавқулодда вазиятларга тайёргарлик вазири Уилям Блер жорий ўрмон ёнғинлари мавсумини мамлакат тарихидаги энг ёмони деб атади. Прогнозларга кўра, июль—август ойларида ҳам қуруқ об-ҳаво ҳукмрон бўлиб, вазиятга салбий таъсир кўрсатишда давом этади.
Мамлакатдаги ўрмон ёнғинларини бартараф этиш учун 10 та давлатдан — Австралия, Испания, Коста-Рика, Мексика, Янги Зеландия, Португалия, АҚШ, Франция, Чили ва Жанубий Африкадан камида 1,8 минг хорижий ўт ўчирувчилар жалб қилинган. Ўт ўчиришда Канада қуролли кучлари ҳам иштирок этмоқда. Ҳаммаси бўлиб беш мингга яқин одам ёнғинни ўчиришда иштирок этмоқда.
Изоҳ (0)