Американинг OceanGate Expedition хусусий компанияси яқинда “Титан” сувости кемасидаги беш кишининг ўлимига сабаб бўлган воқеага қарамай, Шимолий Атлантика океани сувларида “Титаник” чўкиб кетган жойга экспедиция учун чипталарни сотишда давом этмоқда.
2024 йил учун саёҳатлар жадвали компаниянинг расмий сайтида “Экспедициялар” бўлимида эълон қилинган. Сайтда 2024 йил 12 июндан 20 июнгача ва 21 июндан 29 июнгача иккита экспедициядан бирини танлаш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 19 июнь куни OceanGate компанияси “Титаник” чўкиб кетган жойга сайёҳларни юборган “Титан” билан алоқа узилди. Уч кундан сўнг АҚШ қирғоқ хавфсизлигининг шимоли-шарқий бўлими “Титаник” яқинида вайроналар топилгани ҳақида хабар берди. Текширувлар хулосасига кўра, бортдаги одамларнинг барчаси ҳалок бўлган. Уларнинг жасадлари ҳеч қачон топилмаслиги мумкин.
“Титан” бортида OceanGate Expedition президенти ва асосчиси Stokton Rash, француз акванавти Пол-Анри Наржоле, Action Aviation самолётларини сотиш ва эксплуатация қилиш компанияси эгаси, британиялик миллиардер Хамиш Хардинг ҳамда Буюк Британияда яшовчи покистонлик тадбиркор Шаҳзода Довуд ва унинг ўғли бор эди.
Изоҳ (0)