Бухоро вилоятидаги тарихий обидалар ёнида беҳаё ҳаракатлар қилган йигит ва қизга чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, куни-кеча ижтимоий тармоқларда 1 нафар қиз ва 1 нафар ўғил бола Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида жойлашган “Пойи Калон” мажмуаси олдида маданиятсиз ҳатти-ҳаракатлар билан рақсга тушгани акс этган видео тарқалди. Мазкур видео Бухоро шаҳар ИИО ФМБ да белгиланган тартибда қайд этилиб, масъул ходимлар томонидан кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилди.
Аниқланишича, 2022 йилнинг июль ойи ўрталарида 2004 йилда туғилган, Бухоро шаҳар А.Сомий кўчасида вақтинча ижарада яшовчи Э.М. исмли аёл ўзининг таниши 2004 йилда Когон туманида туғилган, ҳозирда Самарқанд темир йўл техникуми 1-босқич талабаси, Когон тумани “Тараққиёт” маҳалласида яшовчи А.А. исмли йигит билан Бухоро шаҳрининг тарихий қисмидаги “Пойи Калон” мажмуасига соат 05:00 ларда келиб, турли беўхшов қилиқлар қилган. Ушбу ҳолат бошқа бир Ҳ. исмли танишининг қўл телефонига видеога олинган ҳамда ўтган йили ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳар иккала фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, жавобгарликка тортилди ва Ҳ. исмли фуқаронинг шахсини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.
Ҳолатни видеога олиб ижтимоий тармоққа чиқариб юборган Ҳ.нинг шахсига аниқлик киритилиб, қонунчиликда назарда тутилган жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади.
Изоҳ (0)