Ўзбекистон ва Туркия ўртасида авиақатновлар сони кўпайтирилади, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 15–16 июнь кунлари Истанбулда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида икки давлат авиация маъмуриятларининг маслаҳатлашувлари ташкил этилди.
Тадбирда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Хусусан, икки давлат ўртасидаги авиақатновлар сонини ошириш ва янги йўналишлар очиш масалалари муҳокама этилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги жами авиақатновлар сонини ҳафтасига 58 тадан 72 тага ошириш ҳамда янги йўналишлар очиш бўйича келишувга эришилди.
Жумладан, 2023–2024 йиллар давомида Тошкент ва Истанбул ўртасидаги авиақатновлар сонини ҳафтасига жами 38 тадан 50 тага етказиш ҳамда Қарши, Термиз, Нукус, Наманган, Андижон шаҳаларидан Истанбул шаҳрига янги авиақатновлар йўлга қўйилишига келишилди ва бу бўйича тегишли ҳужжат имзоланди.
Изоҳ (0)