Ўзбекистонда янги ўқув йилидан бошлаб, олийгоҳда ўқиётган хотин-қизлар учун ким тўлашидан қатъи назар, контракт тўлови даромад солиғидан озод қилинади.
Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашувда маълум қилди. Ҳозирда ушбу имтиёз фарзанди ва турмуш ўртоғи учун контракт тўлаганларга қўлланилар эди.
Шунингдек, Қорақалпоғистонда агро-технологиялар ва муҳандислик йўналишларида етакчи хорижий олийгоҳларнинг филиаллари ҳамда Нукусда Рақамли технологиялар институти очилади.
“Умуман, биз Қорақалпоғистонда олий таълим қамровини келгуси йилнинг ўзида 50 фоизга етказамиз. Бунинг учун чет элларда ўқиётган ёшларимизнинг ўқишини юртимиз олийгоҳларига давлат гранти асосида кўчириш амалиётини йўлга қўямиз”, — деб таъкидлади номзод.
Қайд этилишича, таълим соҳасининг асосий таянчи бўлган муаллим ва мураббийлар, олийгоҳ профессор-ўқитувчиларининг машаққатли меҳнати бундан буён ҳам муносиб рағбатлантириб борилади.
Изоҳ (0)