Федерал прокурорлар АҚШ собиқ президенти Дональд Трампга махфий ҳужжатлар билан ишлаш қоидаларини бузганлик иши бўйича айблов хулосасини эълон қилди.
49 саҳифалик хулосада Трампга 37 та банд бўйича айблов эълон қилинган. Унда айтилишича, Трамп Оқ уйни тарк этаётган вақтда махфий ҳужжатлар солинган ўнлаб қутиларни ўзи билан олиб кетган ва уларни Палм-Бичдаги (Флорида штати) Мар-а-Лаго қароргоҳида сақлаган.
Трамп махфий ҳужжатлар солинган қутиларини уйининг турли жойларда, жумладан, бал ўтказиладиган зал, ювиниш хонаси ва душ, ҳожатхона, ёрдамчисининг хонаси, ётоқхона ва ошхонада сақлаган. АҚШ Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган фотосуратлардан бирида ҳожатхонага махфий ҳужжатлар қутилари териб қўйилганини кўриш мумкин.
Ушбу ҳужжатлар орасида АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг мудофаа қобилияти, ядро қуроллари ҳолати ҳақидаги ҳисоботлар, разведка брифинглари, таҳлилий материаллар ва бошқа ҳужжатлар бор.
Айбловлар миллий мудофаа бўйича махфий ҳужжатларни қасддан нотўғри сақлаш бўйича 31 та ҳолат, жумладан, адолатга тўсқинлик қилиш учун фитна уюштириш, ҳужжатларни коррупция мақсадида яшириш, федерал тергов пайтида яшириш, ёлғон баёнотлар бериш кабиларни ўз ичига олади.
Трампнинг ёрдамчиси Уолт Наута ҳам махфий ҳужжатларга оид олтита жиноий иш бўйича айбланган.
Жосуслик тўғрисидаги қонунга кўра, Трампга максимал 20 йиллик қамоқ жазоси берилиши мумкин, дея аниқлик киритди CNBC.
Изоҳ (0)