Наманган вилояти Уйчи туманида талаба йигит дарёда чўкиб кетди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, 6 июнь куни соат 13:00 ларда Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Уйчи тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Норин дарёсида чўмилиш мақсадида борган фуқаро эҳтиётсизлиги оқибатида чўкиб кетгани тўғрисида хабар келиб тушган.
Хабарга асосан бошқарма Ёнғин-қутқарув отрядининг сувда қидирув-қутқарув гуруҳи зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ҳозирда сувости ва сувусти қидурув ишларини олиб бормоқда.
Ўзбекистонда чўкиб кетиш ҳолатлари
Ўзбекистонда 2022 йил ёз мавсумида 142 нафар фуқаро чўкиш билан боғлиқ вазият туфайли вафот этган. Бахтсиз ҳодисалар 51 ҳолатда чўмилиш тақиқланган, рухсат этилмаган, чўмилиш учун шароит бўлмаган, хавфли сув ҳавзаларида чўмилганлик оқибатида, 85 ҳолатда эса эҳтиётсизлик сабаб юзага келган.
Ушбу чўкканларнинг 45,3 фоизи вояга етмаганлар ҳисобига тўғри келади. Эҳтиётсизлик оқибатида юзага келган 85 кишининг чўкиши дарё, канал ҳамда ариқлар устидаги сув, газ, чиқинди оқова сув қувурларидан йўлни қисқартириш мақсадида кўприк сифатида фойдаланиб ўтишлари ҳамда сув ҳавзалари қирғоқ бўйларида хавфсизлик қоидаларига риоя этмагани сабабли юз берган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда, натижаси юзасидан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Изоҳ (0)