Андижон вилояти Шаҳрихон туманида 10 март куни 43 ёшли эркак ўсмир йигитни дўппослагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур эркак қилмиши учун барчадан кечирим сўради.
“Муллавой” маҳалласида яшовчи 1980 йилда туғилган Т.Л. укасининг фарзанди — 2010 йилда туғилган жияни А.Х. фуқаро М.С. билан уришганидан хабар топган. Шундан сўнг эркак М.С. ишлайдиган дўконга бориб, унга тан жароҳати етказган. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган эди.
Ушбу ҳолат бўйича очилган жиноят иши туман прокуратураси, ички ишлар идоралари томонидан ўрганилиб, жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судида кўриб чиқилди.
Судда айбланувчи қилган ишидан пушаймон эканлиги, мулоҳазасизлик қилганини таъкидлади. Қилган иши учун маҳалла аҳлидан, боланинг оила аъзоларидан кечирим сўради.
“Тўғри, мен қизиққонлик қилиб, болалар ўртасидаги жанжал учун Муҳаммадазизни уриб, катта хато қилдим. Бунинг учун ундан, онасидан, бутун маҳалладошларимдан узр сўрайман”, — дейди у.
Жабрланувчининг қонуний вакили, яъни онаси фарзандининг даволанишига кетган барча сарф-харажатлар Л.Т. томонидан қоплаб берилгани, у қилган иши учун пушаймонлиги ва кечирим сўрагани, қарамоғида 4 нафар фарзанди борлиги, маҳалладошларининг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиб, ярашиш тўғрисидаги таклифга розилик билдирди.
Суд жараёнида томонлар ўзаро келишиб, ярашиб олди. Сайёр суд мажлисида томонларнинг ярашганидан келиб чиқиб, жиноят иши тугатилди ва тегишли ҳукм чиқарилди.
Изоҳ (0)