Ижтимоий тармоқларда Cobalt ва Lacetti нархлари 20-23 минг доллардан бошланиши ҳақида хабарлар тарқалди. UzAuto Motors бунга муносабат билдирди.
Компаниянинг хабар беришича, оммага Cobalt ва Lacetti нархлари оширилиши бўйича ҳеч қандай маълумот тақдим қилинмаган.
“Ижтимоий тармоқларда 1 июндан бошлаб UzAuto Motors Damas, Labo, Cobalt ва Lacetti автомобилларининг янгиланган версиясини тақдим қилиши, Cobalt ва Lacetti нархлари эса 20-23 минг доллардан бошланиши ҳақида хабарлар тарқалди. UzAuto Motors бу бўйича ҳеч қандай маълумот тақдим қилмаган. Ушбу маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмас ва ёлғонлигини таъкидлаб ўтиш керак. Турли саҳифа эгаларидан одамлар эътиборини тортиш учун улар қизиққан йўналишда бирор бир фактга асосланмаган ахборотни тарқатмасликни сўраб қоламиз. Компания ва маҳсулотлар нархи ҳақида расмий саҳифаларимиз орқали билиб олишингиз мумкин”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрда Lacetti, Cobalt, Damas ва Labo автомобилларига шартномалар қабул қилиш тўхтатилганди.
“Ўзбекистонда автомобилларга бўлган талабнинг аномал ўсиши ва глобал муаммолар кучайганини ҳисобга олиб, компания бундай шароитда бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчилар томонидан қўлланилган йўлдан боришни тўғри деб ҳисоблайди ва Lacetti, Cobalt, Damas ҳамда Labo автомобилларига шартномалар қабул қилишни вақтинча тўхтатади. Бу ўз навбатида барча саъй-ҳаракатни аввал тузилган шартномалар бўйича автомобиль ишлаб чиқаришга йўналтиради”, — дея аҳолига мурожаат қилганди UzAuto Motors.
Изоҳ (0)