Самарқандда 16-18 май кунлари Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгашининг “Иқтисодий чидамлилик ва барқарорликка инвестициялар киритиш” мавзусидаги 32 йиллик йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.
Тадбирда 73 давлатдан 2 мингдан ортиқ меҳмонлар, жумладан, хорижий ҳукуматлар вакиллари, трансмиллий корпорациялар, халқаро молия институт ва банклари раҳбарлари, иқтисодиёт, инвестициялар, молия ва технология соҳасидаги экспертлар, шунингдек, етакчи хорижий ОАВ вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Иқтисодий барқарорликка инвестициялар киритиш масалалари тадбирнинг асосий мавзуси бўлади. Йиғилиш давомида Банкка аъзо мамлакатлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мавзуларига бағишланган панел мунозаралари ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Тадбир, шунингдек, ЕТТБга ўтган йил давомида эришган ютуқларини таҳлил қилиш ва режалар тузиш имкониятини беради. Йиғилиш асосий тадбирларидан бири “Ўзбекистоннинг инвестициявий истиқболлари тўғрисида”ги сессия бўлади. Унда мамлакат иқтисодиётининг кутилаётган ўсиш суръатлари ва инвестицияларни жалб этиш имкониятлари муҳокама қилинади.
Тадбирнинг уч кунлик кун тартибидан экспертлар иштирокидаги турли мавзуларда минтақалар ва алоҳида мамлакатларга бағишланган бир қатор панел мунозаралари ҳам ўрин олган.
Улар қаторидан:
- халқаро савдо муносабатлари;
- энергия хавфсизлиги ва қайта тикланадиган энергия манбалари;
- кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги аҳамияти;
- ривожланаётган бозорларда рақамлаштириш жараёнлари;
- ЕТТБ “Яшил шаҳарлар” дастури;
- ЕТТБнинг “Минтақавий иқтисодий истиқболлар” мавзусидаги асосий макроиқтисодий тадқиқоти ва бошқалар ўрин олган.
Шунингдек, йиғилиш давомида халқаро ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтади. Унда макроиқтисодий вазият, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришда хусусий сектор ва давлатнинг роли, ҳудудлараро алоқалар, иқтисодий интеграция, озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамлаштириш ва бошқа масалалар юзасидан эксперт муҳокамалари ўтказилади.
Ўзбекистон томонидан ушбу тадбирни ўтказиш учун ариза 2019 йилда берилган ва 2022 йилда тасдиқланган.
Изоҳ (1)
Assalom aleykum. Kòpincha xato yozasizlar, bu maqolada ham xato bor. ... xorijiy hukumatlar vakillari emas xorijiy hukumat vakillari yoki xorijiy hukumatlarning vakillari. Shunday yozilsa tòģri bòladi.