1967 йил 9-октябрда сержант Марио Теран Боливия президенти Рене Баррьентос Ортуньо буйруғи билан кубалик инқилобчи Че Геварани қатл қилди: ёлланган аскар унга қарата тўққизта ўқ узди.
Шундай қилиб, аксарият одамлар учун мисли кўрилмаган жасоратга эга қаҳрамон, адолат тарафдори, золимларга қарши курашувчи, Нельсон Мандела таърифлаганидек “эркинликни севадиган ҳар бир инсон учун битмас-туганмас илҳом манбаи” бўлган командантенинг шонли умри яқин қишлоқлар учун эски мактаб вазифасини ўтаган қаровсиз бинода поёнига етди.
Хўш, Че чиндан биз эшитган жасур қиёфадаги инсонмиди, ёки минглаб одамлар қонидан ҳузурланган ёввойи зўравон? “Дарё” “100 буюк инсон” лойиҳаси доирасида инқилоб учун ҳар кимнинг ҳаётини қурбон қилишга тайёр аргентиналикнинг шовқин ва шафқатсизликка тўла ҳаёти хусусида ҳикоя қилади.
Фалсафа, шеърият ва эрта уйғонган шафқатсизлик
Болаликда унга бронхиал астма ташхиси қўйилади — у бутун умри давомида ушбу касалликдан азоб чекди. Тўққиз ёшгача онаси уни уйда ўқитди. Гевара соатлаб каравотда ётар, фалсафа ва шеъриятга оид китобларни ўқир ва кўпинча шахмат ўйнарди.
Аҳволи бир оз яхшилангач, Эрнесто иккинчи синфга кирди. Альта-Грасия шаҳридаги мактаб директорининг сўзларига кўра, у дурустгина ақл-заковатга эга бўлишига қарамай, синф сардорликка уриниб ҳам кўрмаган, лекин мактаб ўйин майдончасида шумтакаларни ўзига эргаштирувчи қулоғига гап кирмас, ўз билганидан қолмайдиган “митти лидер”га айланарди. У болаларни ҳайратда қолдиришни яхши кўрарди: синфда бўр еб кўрди, сиёҳ ичиб ошқозонини ишдан чиқарди, ўзидан қутурган ҳўкиз “ясаб олди”, кўча чироқларига айирмадан тош отиб маҳалла нуронийлари қарғишига қолди. Ҳатто бир куни уни ранжитган одамдан ўч олиш учун фил суягидан ясалган роял клавишларини ахлат билан ифлос қилди.
Унинг шафқатсизлиги болалигидаёқ намоён бўла бошлади: тортишиб қолган болаларнинг ҳаммаси билан жиққамушт бўлди, устун келган пайтлари рақибининг юзи қонга бўялгунча калтаклади. Амакиваччаларидан бирининг сўзларига кўра, кичкина “махлуқ” ҳайвонларни қийноққа солишни яхши кўрарди.
У ҳамма нарсани оломон қаршисида намойишкорона қилишни хуш кўрган. Томошабинларни лол қолдиришга, уларнинг эътиборини жалб қилишга ҳаракат қилган. Унинг дўсти Альберто Гранадо шундай хотирлайди: “Унга El Loko (ақлдан озган) Гевара деб исм қўйишганди. Унинг ўзи ҳам ёмон одам бўлишни яхши кўрарди. Масалан, у камдан кам ювинишини айтиб, болаларга мақтанарди. Айтганча, бунинг учун у Chancho (чўчқа) лақабини олганди. Бир сафар кўриб қўйинглар, устимдаги кўйлакни ювмаганимга 25 ҳафта бўлди, дея керилиб гапирганини эслайман”.
Ўсмирлик пайти Че Фрейд, Бертран Расселл, Бенито Муссолини, Иосиф Сталин ва Карл Маркс асарларини ўқиди, Кафка ҳамда Сартрга ўзгача муҳаббат қўйди. Бундан ташқари, унга “Майн Камп” китобидаги Гитлер илгари сурган ғоялар, шунингдек, Энгелс ва Лениннинг асарлари ёқиб қолди.
“Че”
Севимли бувисининг вафоти ва астма касаллигини даволаш истаги унинг шифокор бўлиш истагини алангалатиб юборади. Кенжатой синглисининг сўзларига кўра, у Эрнестони бувисининг ўлимида бўлганчалик эзилганини кўрмаган. Бир оз вақт ўтиб, Че Буэнос-Айрес университетининг тиббиёт факультетига ўқишга кирди.
У университетда мохов касаллигини ўрганишга қизиқиб қолгач, бутун умрини касалланган жанубий америкаликларни даволашга сарфлашни ният қилди.
1952 йил январь ойида Гевара акаси билан мотоциклда Жанубий Америка бўйлаб саёҳат қилди. Бу ҳақида у ўзининг “мотоциклчи кундалиги”да батафсил ёзиб қолдирган. Улар Чили, Перу, Колумбия ва Венесуэлага, кейинги йил, яъни университетни тамомлаган пайти эса Боливия, Перу, Эквадор, Панама, Салвадорга ташриф буюришди. Бу саёҳатнинг пулини қони қайноқ ака-уканинг ота-онаси кўтарди. Ҳа, бўлажак инқилобчи ишлаб пул топишга эринган ва бу нарсани ўзига эп кўрмаган.
1954 йилда Гевара Мексикага келди ва у ерда аллергология бўлимидан иш топди. Айнан ўша кезлар исмига ўз нутқида тез-тез ишлатиб турадиган испанча сўз “Сhe”ни (хўш, ҳа, деган маънони англатади) қўшиб олди.
Мексикадаги таниш оғайнилари уни Рауль Кастро билан, Рауль эса акаси Фидель Кастро билан таништирди. Бу учрашув Эрнесто Геваранинг кейинги ҳаётини белгилаб берди.
“Яшасин, озод Куба!”
Гевара Кубада қуролли инқилобни амалга оширишга тайёрланаётган Кастро ва унинг укасига қўшилади. Исёнчиларнинг деярли ярими ҳалок бўлишига қарамасдан, деҳқонлар томонидан қўллаб-қувватланган, уларнинг Гавана томон ҳаракатланишига имконият яратиб беради. 1958 йилнинг 28 декабрь куни Санта Клара шаҳрида кураш бошланган, уч кун ўтиб шаҳар эгалланади, эртаси куни “қони совиб улгурмаган” инқилоб армияси Гаванага киради ва ғалаба қозонади. Шу кундан бошлаб, Куба халқининг ҳаётида янги, мураккаб вазиятларга тўла босқич бошланди.
Инқилобчилар Гаванани эгаллаб олишлари билан Че Гевара энг ҳашаматли уйлардан бирини ўзлаштирди. Улкан бассейнга эга, уйнинг ўзида еттита ҳаммом, сауна, массаж хонаси бор қасрда роҳатланиб кун кечирар экан, қизиққон аргентиналик бировни отиб ташлаш учун айбини исботловчи далил керак эмаслиги, унга фақат бировни отиб ташлаш кераклиги ҳақидаги далил муҳимлигини айтиб, мақтанарди.
Че Гевара 1959 йил январдан июнгача кўп вақтини Сан-Карлос қалъасида ўтказди. Кўп ўтмай муҳташам қаср кўрса, кўнгил ағдариладиган қийноқ камералари бор қамоқхонага айланди. Худди ўша ерда 22 йил умрини совуқ панжаралар ортида ўтказган Армандо Валядареснинг сўзларига кўра, гоҳ-гоҳида “Viva Cuba Libre!” (Яшасин, озод Куба!) ва “Viva Cristo Rey” (Яшасин, Исо Масиҳ!) деган ҳайқириқлардан қалъа деворлари силкиниб турар, сал ўтмай ортидан автоматларнинг тўхтовсиз овози қулоқни қоматга келтирарди.
Че ўз қўл остидагиларга, маҳбусларни кечаси сўроқ қилишни, шунда одамнинг психологик қаршилиги паст бўлиши ҳамда уни таслим қилиш нисбатан осон кечишини айтарди. Унинг қанча одамни қатл қилганлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Чени 1956 йилдан билган кубалик журналист Луис Ортега ўзининг “Мен Чеман” китобида донгдор қотил қўлида 1892 киши ҳалок бўлгани ҳақида ёзган.
“Че Гевара: Биография” китоби муаллифи Дэниел Жеймснинг ёзишича, Ченинг ўзи Фидель Кастро ҳукмронлигининг биринчи йилидаёқ “бир неча минг” ўлим тўғрисидаги ордерни имзолаганини тан олган.
Кейинчалик Куба раҳбари Че Геварани саноат вазири этиб тайинлайди. Бироқ бу қарор Куба иқтисодиёти учун ҳалокатли бўлиб якунланди. Ҳатто СССРнинг йирик молиявий кўмаги ҳам мамлакатни оёққа турғизишга ёрдам бермайди.
1964 йил декабрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси минбаридаги нутқида Че Гевара “табиийки, биз ўқ узамиз (...) ва бу керак бўлар экан, отишни тўхтатмаймиз”, деган иқрори осмонга ўрлаётган баҳайбат оловга ёқилғи ўлароқ хизмат қилади. Фидель Ченинг характери ва қилиқларидан чарчагани ҳақида миш-мишлар тарқалган бир пайтда, Кастро уни ўзининг одатий иши — инқилоб уюштириш учун юборади. Бу сафар чек Боливияга тушади.
1966 йил ноябрь ойида Че маҳаллий исёнчиларга ёрдам бериш учун Боливияда партизанлик урушларига киришиб кетади. Аввалига Геваранинг бўлинмалари муваффақият қозонади, ҳукумат қўшинлари устидан бир нечта ғалабаларга эришилгач, боливиялик шахтачилар қуролли ҳужум ташкиллаштиради. Аммо Куба расмийларидан ҳеч қандай ёрдам келмагач, қўзғолон кескин бостирилади ҳамда халқ томонидан кенг қўллаб-қувватланмайди ва 1967 йил октябрь ойида Эрнесто асирга олинади, сўроқ қилинади, шундан сўнг у Марказий разветка бошқармаси (МРБ) билан алоқадорлиги бор бўлган боливиялик аскар Марио Теран томонидан отиб ўлдирилади.
Че Геваранинг ўлимидан сўнг Куба пропагандаси ундан оловли инқилобчи образини яратиб олди. 2000 йилда Time журнали Че Геварани “20 та қаҳрамон” ва “ХХ асрнинг юз энг муҳим шахси” рўйхатига киритди.
Че Гевара шахси ортидаги зиддиятлар
Че Гевара — сиёсий эмас, балки инсон характерининг жумбоғи. Бир томондан машҳур инқилобчи бўлса, бошқа тарафдан донғи чиққан жаллод. Ўзи минглаб одамларнинг ёстиғини қуритганини тан олган шахс. Ўлимидан олдин у МРБ агентига одамларни отишни ёқтиришини айтган. Энди савол туғилади: кепкалар-у футболкаларда сурати туширилган инқилобчи чиндан тимсол бўлишга арзирдими?
Тўғри, Фидель Кастро ҳам аксилинқилобий рақибларини йўқ қилган, лекин ҳеч қачон ўз-ўзидан, қонга ташна бўлиб эмас, вазият тақозо этгандагина шу қарорга келарди. Шунинг учун Че Гевара ҳақида гапирганимизда, у тўғрисида нимадир дейиш қийин.
Че ким? Ўз мақсади йўлида қурбонларни аямаган қонхўр жаллодми, одамларнинг моғор босган юрагига чоғ ташлаб, алангалатган миллатнинг ёрқин тимсолими, қанчалик идеал бўлишга чиранмасин, инсон табиатида номукаммаллик мавжудлиги ва у бир куни ўзига панд бериб қўйишини билган чала файласуфми ёки қадрияти барбод бўлиб, ўлаксахўр муҳит тарбиялаган одамми, енгил хархашани даҳшатли урушга ўзгартирган шахсми, ким ўзи?
Че Гевара ва бошқа инқилобчиларда мақсад дастлаб тўғри эди. Кейинчалик ғалабалардан ортиқча руҳланиш фикрни кирлатди, рус инқилобчилари қулаган тузоққа тушди: сен битта нарсани қила бошлайсан, бироқ охир-оқибат у бутунлай бошқача бўлиб чиқади.
Че Гевара бутунлай ўзгача одам эди. У ака-ука Кастро ва бошқалар иштирок этган Кубадаги “қурилиш”нинг бир қисми бўлишни истамас ва бунга қодир ҳам эмас эди. Че бу баҳайбат репрессив машинанинг раҳбари бўлиши мумкинмас, унинг ўзи ҳам жойи бу ерда эмаслигини англарди. У Бельгия Конго, Жазоирдаги воқеалар ҳақида нутқ сўзлар экан, шундай дейди: “Дунёнинг оғриқли жойлари қаерда?” У ҳайвонларни қўлга ўргатиб, тинч ушлаб турадиган боқувчи эмас, қаттол овчиси эди. Унинг вазифаси ҳайвонни қўлга олиш ёки ўлдириш, тамом. Агар Че Геварада ака-ука Кастролар бўлмаганда ва унинг ўзи диктаторликни тўлиқ эгаллаганда, эҳтимол, Кубани Камбоджа тақдири кутган бўларди.
Че — ҳақиқий қаҳрамондан ажралиб чиққан рамз. Че — хато ва пуч ғоялар таъсиридан тўлиқ чиқа олмай, ўзини ўтга отган одам, мислсиз қаҳрамонликлари билан бир қаторда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ёвузликлари ҳам эсланадиган ғалати тимсол.
Изоҳ (0)