Ўзбекистоннинг икки ҳудуди Навоий ва самарқанд вилоятларида газ ва светдан ноқонуний фойдаланганлар 289 миллион сўм зарар етказди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Нуробод ва Нарпай туман бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда, “А.Э.” МЧЖ ва “Б.П.” фермер хўжалиги масъул шахслари артизан қудуғи ва сув насосини ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига ўзбошимчалик билан улагани аниқланган. Улар 308,5 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Шу каби, департаментнинг Кармана туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда, “К.И.” ва “Ф.П.” оилавий корхоналари масъул шахслари ушбу корхоналарга қарашли умумий овқатланиш шохобчаларини ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги газ тармоқларига ўзбошимчалик билан улаб, 150 минг куб табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 289 миллион сўм зарар етказилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)